Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Киeв шаҳрида Ўзбeкистон-Украина бизнeс форуми бўлиб ўтди
2020-02-25 | Иқтисодиёт
Жорий йил 20-22 февраль кунлари Киев шаҳрида Ўзбекистон-Украина бизнес-форуми бўлиб ўтди. Форум доирасида Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги раҳбарияти бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Украинанинг Тараққиёт, иқтисодиёт, савдо ва қишлоқ хўжалиги вазири Т. Милованов, Украина саноатчилар ва тадбиркорлар иттифоқи раҳбари А.Кинах, Украина Савдо–саноат палатаси раиси Г. Чижиков ҳамда Украина бизнеси вакиллари билан учрашувлар ўтказди.
Тадбирда иштирок этиш икки томонлама иқтисодий ҳамкорликнинг жорий ҳолатини муҳокама қилиш ва истиқболли қўшма инвестиция лойиҳалари ва ўзаро манфаатли савдо битимларини ишлаб чиқиш орқали ҳамкорликни фаоллаштириш бўйича мавжуд имкониятларини ўрганишга имкон берди.
Ушбу нуқтаи назардан, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, божхона ва тарифларни тартибга солиш, ветеринария-санитария талабларини ва ўсимликлар карантини уйғунлаштириш борасида ўзаро муносабатлар соҳаларида масалаларни ҳал этиш бўйича келишувларга эришилди.
Ташриф чоғида жорий йилнинг баҳорида Тошкент шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган Ўзбекистон-Украина ҳукуматлараро комиссиясининг навбатдаги йиғилиши билан боғлиқ бўлган масалалар ҳам ишлаб чиқилди – бўлажак тадбир кун тартибига киритиш учун икки томонлама ҳамкорликнинг устувор йўналишлари белгилаб олинди.
Шунингдек, Украинанинг Инфратузилма вазирлигида “Тошкент-Киев-Тошкент” йўналиши бўйича ҳаво қатновини ва “Тошкент-Харков-Тошкент” бўйлаб темир йўл линиясини тиклаш масаласига бағишланган музокаралар бўлиб ўтди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги