Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
ТИВда учрашув
2020-02-25 | Сиёсат
2020 йилнинг 24 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Неъматов МДҲ Молия-банк кенгашининг (МБК) раиси, МДҲ Ижроқўми раиси - Ижрочи котибнинг иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатчиси Анатолий Казаков, МДҲ МБК президенти Вадим Кумин, кенгаш бош директори Павел Нефидов ва бош директор ўринбосари Андрей Лайковдан иборат делегация билан учрашди.
Суҳбат аввалида Вадим Кумин Ўзбекистон томонини Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги доирасидаги ҳамкорликни, биринчи галда савдо-иқтисодий, инвестиция соҳаларида алоқаларни ва саноат кооперациясини янада мустаҳкамлашни мақсад қилган МДҲга раисликнинг муваффақиятли бошланганлиги билан табриклади.
Ўзбекистоннинг Марказий Осиё, МДҲ, бошқа етакчи давлатлар ва халқаро ташкилотларга нисбатан олиб бораётган очиқ ва конструктив сиёсати тўғрисида маълумот берилди.
МДҲ давлатлари билан ҳамкорликни ривожлантириш Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади, бу эса мамлакатни 2017-2021 йилларда ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган. Ўзбекистонда МДҲга раислик концепцияси ва уни амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси" қабул қилинганлиги таъкидланди.
Бўлиб ўтган суҳбатда Ўзбекистон билан МДҲ МБК ҳамкорлигининг долзарб жабҳалари муҳокама қилинди.
Ўзбекистоннинг МДҲга раислиги доирасида Тошкент шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган Ҳамдўстликка аъзо давлатларнинг навбатдаги Халқаро молия-банк форуми 2019 йил 28-29 март кунлари Тошкент шаҳрида ўтказилган шундай тадбирнинг мантиқий давоми ҳисобланиши таъкидланди.
Бўлажак форумда МДҲ, Жануби-Шаҳрқий Осиё ва Европа Иттифоқи давлатларининг миллий ва тадбиркорлик банклари ва биржаларнинг раҳбарлари, молиявий муассасалар, банк бирлашмалари ва ассоциациялари вакиллари ҳамда инновация ва инвестиция компаниялари раҳбарларининг иштирок этиши режалаштирмоқда.
Учрашувда томонларни қизиқтирган бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги