Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Инновацион ривожланиш вазири ЮНЕСКО вакиллари билан учрашди
2020-02-21 | Фан
19 февраль куни Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов ЮНЕСКО вакиллари билан учрашди. Учрашувда ЮНЕСКО штаб квартирасининг илм-фан бўлими лойиҳалар бўйича ассистенти Корнелия Тзинова, ҳудудий идоранинг илм-фан бўлими бошлиғи Кристинэ Товмасян иштирок этдилар. Томонлар “Ўзбекистонда илм-фан, технология ва инновация тизимини ривожлантириш” лойиҳасини муҳокама қилдилар.
Учрашув давомида ЮНЕСКО консультантлари томонидан юртимиздаги илм-фан ривожланишининг жорий ҳолати бўйича ўтказилган тадқиқотларнинг биринчи босқичи натижалари намойиш этилди, республикамиздаги илм-фан таҳлили бўйича ҳисобот тақдимоти ўтказилди.
Тақдимотда фан ва инновация соҳасидаги давлат сиёсатини амалга ошириш, миллий инновация тизимини ривожлантиришда мавжуд масалалар ва имкониятлар намойиш этилди. Шунингдек, мазкур соҳанинг кучли жиҳатлари, соҳадаги муаммолар, имкониятлар таҳлили кўрсатилди.
Томонлар ҳисоботни қисқа муддатларда янада такомиллаштириш бўйича ишларни амалга ошириб, жорий йил учун лойиҳа доирасида ҳамкорликдаги ҳаракатлар режасини ишлаб чиқишга келишиб олдилар. Ўрганишлар натижасида ишлаб чиқилган якуний ҳисобот ЮНЕСКО томонидан чоп этилади
Лойиҳа доирасида илм-фан, технологиялар ва инновацияларни ривожлантириш борасидаги ўн йиллик ягона сиёсатни ишлаб чиқиб, мазкур йўналишда фаолият юритувчи идоралар ва ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва вазифаларнинг аниқ белгиланишини таъминлаш, бир вазифани такрор бажарилишини олдини олишга эришилади. Шунингдек, инновацион фаолият юритувчи субъектларнинг яратилишига, ҳудудларда илм-фан билан шуғулланувчилар сонининг ошишига, ҳудудий илмий имкониятлардан фойдаланишга замин яратилади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш агентлиги