Ўзбекистонда янги ташкил этилган Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг асосий вазифалари, фаолият йўналиши ва ваколатлари нималардан иборат?
Адлия вазирлигида бўлиб ўтган матбуот анжуманида шу саволларга жавоб берилди.
Таъкидланганидек, “Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармонига мувофиқ ҳар бир маҳаллада “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойилига асосланган янги тизим жорий этилмоқда.
Жамиятда “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойилининг тўлақонли ва самарали жорий этилишида ҳар томонлама кўмаклашиш, оилалар ва маҳаллалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштиришда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан яқин ҳамкорлигини ўрнатиш вазирликнинг асосий вазифа ва фаолият йўналишларидан бири этиб белгиланди.
Фармонга кўра, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази ҳамда “Маҳалла” ўқув-услубий ва илмий-тадқиқот маркази негизида “Маҳалла ва оила” илмий-тадқиқот институти ташкил этилади ва вазирлик тузилмасига ўтказилади.
Маълумот учун, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ва Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши раҳбар органларининг ушбу ташкилотларни тугатиш ҳақидаги қарорлари қабул қилинди.
Шунингдек, Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамоат бирлашмаси шаклидаги “Нуроний” жамғармасининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туман (шаҳар) бўлимларини тугатиш ҳақидаги қарорлари қабул қилинди.
2020 йил 1 апрелдан бошлаб, фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш (ФҲДЁ) органлари Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги тасарруфига ўтказилади.
Бунда, агентликка ФҲДЁ органларининг ишини тизимли назорат қилиш, малакали кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш, ҳуқуқни қўллаш амалиётини мувофиқлаштириш, “ФҲДЁнинг ягона электрон архиви” ахборот тизимини юритиш ва ФҲДЁ органларининг ҳудудий архивларига раҳбарлик бўйича функциялар юкланади.
Фармон билан мамлакатда “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойилига асосланган тизимни самарали жорий этиш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланди.
Маҳалла институтининг жамиятимиз ижтимоий-маънавий ҳаётида тутган ўрнини ҳисобга олиб, соҳа ходимларини қўллаб-қувватлаш мақсадида 22 март – “Маҳалла тизими ходимлари куни”, деб эълон қилинди.
Анжуманда иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
Муаттар Рўзибоева, ЎзА
Манба: ЎзА