Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Пахта саноатини барқарор ривожлантириш бўйича семинар ўтказилмоқда
2020-02-20 | Иқтисодиёт
Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) томонидан амалга оширилаётган "Пахтачилик саноатини барқарор ривожлантириш ва қўшилган қийматни ошириш" глобал лойиҳаси доирасида Better Cotton Initiative (BCI) – “Яхши пахта ташаббуси” тамойилларига асосланган барқарор пахта етиштириш стандарт тизими бўйича тренинг Самарқанд вилоятида бўлиб ўтмоқда.
Ушбу ўқув тренинги қишлоқ хўжалигининг барқарор тажрибаларини, Better Cotton Initiative (BCI) – “Яхши пахта ташаббуси” стандартининг тамойиллари ва мезонларини, BCI стандарти талабларига жавоб берадиган пахта етиштиришда ижтимоий ва экологик жиҳатларини ўз ичига қамраб олган.
Тренингда Самарқанд ва Навоий вилоятлари ҳокимликлари ходимлари, Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазирлигининг Самарқанд ва Навоий ҳудудий бошқармалари вакиллари, Пахта-тўқимачилик кластерлари иш бошқарувчилари, агрономлар ва фермерлар қатнашмоқда.
Лойиҳа Германия Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш федерал вазирлиги (BMZ) томонидан молиялаштирилмоқда. Лойиҳанинг асосий мақсади - пахтани ижтимоий, экологик ва иқтисодий жиҳатдан барқарор ишлаб чиқариш тизимини, шу жумладан мамлакатда дастлабки қайта ишлаш тизимини ривожлантиришда қўллаб-қувватлашдир. Шу мақсадда лойиҳа пахта етказиб бериш занжири бўйлаб стратегик иттифоқларни шакллантиради ва фермерларга ўз ишлаб чиқариш тизимини такомиллаштиришда ёрдам берувчи шерикларни қўллаб-қувватлайди. Асосий эътибор халқаро барқарорлик стандартларини (BCI, Organic Cotton-„Органик пахта” ва бошқалар) жорий этишда ёрдам берувчи пахта етиштириш ва қайта ишлаш тизимларига қаратилади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги