Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Мактабларда “5 ташаббус Наврўзда” фестиваль-танлови ўтказилади
2020-02-20 | Таълим
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан жорий йилнинг февраль-март ойларида “5 ташаббус Наврўзда” фестиваль-танлови ўтказилади.
Мазкур фестиваль-танлов Ўзбекистон Республикаси Президентининг ўқувчи-ёшлар билан ишлашни самарали ташкил этишда маданият, санъат, спорт, ахборот-технологиялари, китоб ўқишга қизиқишни ошириш, ўқувчи-қизларни ижтимоий фаол ҳаётга жалб этиш бўйича 5 та муҳим ташаббусни амалга ошириш мақсадида ташкил этилмоқда.
Фестиваль-танлов 2019 йилнинг октябрь-ноябрь ойларида ўтказилган “Умумтаълим мактабларида 5 ташаббус” фестивалининг мантиқий давомидир.
Ушбу фестиваль-танлов ҳафталик шаклда ташкил этилиши белгиланган бўлиб, унинг доирасида 6 та танлов ва фестиваллар ўтказилади. Жумладан:
а) “Ватанни мадҳ этиш олий саодат” шиори остида Ватан ва баҳор ҳақидаги қўшиқлар кўрик-танлов;
б) “Ёшлик рақси” кўрик-танлови;
в) “Болалар спартакиадаси” миллий ва ҳаракатли спорт ўйинлари;
г) “Ёш китобхонлар” кўрик-танлови;
д) “Қизларжон” кўрик-танлови;
e) “Обод мактаб” экологик танлови.
Фестиваль йўналишлар бўйича қуйидаги тартибда ташкиллаштирилади:
а) “Ватанни мадҳ этиш олий саодат” шиори остида хор жамоалари ижроси кўрик-танлови жорий йилнинг 25 февраль кунидан бошлаб, халқ таълими тизимидаги умумтаълим мактаблари, “Меҳрибонлик уйлари”
ва имконияти чекланган болалар учун ихтисослаштирилган мактаб,
мактаб-интернатлари ўртасида ўтказилади. Кўрик-танловда ўқувчилар
ва тарбияланувчилардан ташкил топган хор жамоалари томонидан “Ватан ва баҳор” ҳақидаги қўшиқлар ижро этилади.
б) “Ёшлик рақси” кўрик-танлови жорий йилнинг 1 мартидан бошлаб ташкил этилади, унда юқори синф ўқувчиларидан иборат умумтаълим мактаблари рақс тўгараклари аъзоларининг 6 нафари (3 нафар ўғил бола, 3 нафар қиз бола) қатнашади. Кўрик-танлов номоддий маданий меросни асрашга қаратилган бўлиб, ушбу босқичда жамоалар “Андижон полкаси”га рақс тушиш бўйича беллашадилар. Кўрик-танловнинг республика босқичи Андижон вилояти ҳокимлиги ташаббуси билан Андижон вилоятида ўтказилади.
в) “Болалар спартакиадаси” миллий ва ҳаракатли спорт ўйинлари жорий йилнинг 25 февраль кунидан бошлаб, умумтаълим мактабларининг
7-11-синфлар ўқувчилари ўртасида ташкил этилади. “Болалар спартакиадаси” “Овчилар ўйини”, “Арқон тортиш”, “Ўрин алмашиш”, “Ким мерган” каби миллий ва ҳаракатли спорт ўйинларидан ўтказилади.
г) “Ёш китобхонлар” кўрик-танлови жорий йилнинг 1 март кунидан бошлаб, Республика “Болалар кутубхонаси”нинг fаcеbооk.cоm ижтимоий тармоғидаги саҳифасида саволлар бериб борилади. Кўрик-танлов шартига кўра 60 номдаги бадиий адабиётлар мутолаа учун уйга вазифа қилиб берилади ҳамда бадиий адабиётлар асосида тузилган саволлар бўйича энг тез ва тўғри жавоб берган, энг фаол қатнашган мактаб жамоалари (ўқувчилар ва ўқитувчилар (кутубхоначи) ғолиб деб топилади.
д) “Қизларжон” кўрик-танловига жорий йилнинг 25 февраль кунидан бошлаб старт берилади. Кўрик-танловда 5 та ўқувчи-қизлар 5 ташаббуснинг ҳар бир йўналишидан иборат шартлари яъни, “Мен истеъдодман”, “Спорт маликаси”, “Техно ташаббус”, “Китобнинг дўстиман”, “Даромадли ошхона” бўйича беллашадилар.
е) “Обод мактаб” экологик танловида 5 та лойиҳа ва акциялар ташкил этилади. Жорий йилнинг 1 март кунидан бошлаб мактаб ободонлаштирилади ҳамда ўқувчилар мавжуд дарахтларга шакл бериб парваришлайдилар. Шунингдек, мазкур танлов доирасида “Меҳрли гуллар”, “Ўқувчилар боғи” лойиҳалари, “Табиатнинг дўстиман” акцияси, “Ҳашар наволари” медиа танлови ўтказилади.
Мазкур фестивалда ҳудудларда жами 2,6 млн. нафар ўқувчи-ёшлар иштирок этиши режалаштирилмоқда. Республика босқичида 700 нафарга яқин ўқувчи ва ўқитувчилар ғолиблик учун курашади ҳамда фестиваль якуни бўйича 162 нафар ўқувчи, ўқитувчилар, ғолиб ва совриндор бўладилар.
Ғолиб бўлган ўқувчи, ўқитувчилар ҳамда таълим муассасаларига 30 номга яқин мусиқа жиҳозлари, спорт инвентарлари, компьютер техникаси, медиа жиҳозлар, бадиий адабиётлар ва ошхона анжомлари совға қилинади.
Фестиваль жараёнлари ҳақидаги маълумотларни фаcебоок.cом ва телеграм ижтимоий тармоқларида ташкил этилган 5ташаббус_мактабда гуруҳи ва каналида кузатиб бориш имконияти мавжуд.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги