Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Сув хўжалиги вазирлигида матбуот анжумани ўтказилди

2020-02-19 | Жамият

Жорий йил 19 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигида Президентимизнинг Мурожаатномасида белгиланган вазифаларнинг вазирлик тизимида ижросига бағишлаб матбуот анжумани ўтказилди.

Унда Сув хўжалиги вазири Ш.Хамраев, Олий Мажлис Сенатининг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси раиси Б.Тожиев, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси раиси Р.Мамутов, сув хўжалиги соҳасида ҳамкор хорижий ташкилотлар вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Сув тежовчи технологиялар

Президентимизнинг Мурожаатномасида белгилаб берилган вазифалардан келиб чиққан ҳолда жорий йилда республикамиз бўйича 44 минг гектардан зиёд майдонда сув тежовчи технологиялар, жумладан, 24,8 минг гектар пахта майдонида томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилиш режалаштирилган. Мазкур соҳада давлат қўллаб-қувватлови, хусусан, субсидиялар ажратилиши муҳим аҳамият касб этмоқда. 2020 йилда ҳам сув тежовчи технологияларни жорий этишни қўллаб-қувватлаш учун 300 млрд. сўм ажратилади. Хусусан,  қишлоқ хўжалиги экин тури, суғориш технологияси ва ернинг бонитет баллидан келиб чиқиб, томчилатиб суғориш тизимлари учун гектарига 8 млн. сўм, ёмғирлатиб суғориш тизимлари учун 4 млн. сўм, дискретли суғориш учун 1 млн. сўмдан ажратиш назарда тутилган. Шунинг билан бир қаторда Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан пахта хом ашёси ишлаб чиқарувчиларига томчилатиб суғориш тизимларини қуриш, реконструкция қилиш ва уларнинг бутловчи қисмларини сотиб олиш учун ажратиладиган кредитлар бўйича фоиз харажатлари тижорат банклари томонидан белгиланган фоиз ставкасидан бир гектарга 20 млн сўмдан ошмайдиган қисмининг 10 фоизи миқдорида қоплаб берилмоқда.

Республикамизда ҳозирги кунга қадар 130 минг гектар майдонда сув тежовчи технологиялар жорий этилган бўлиб, шундан томчилатиб суғориш технологияси 77,4 минг гектарни ташкил этади. 2020 йилда сув тежовчи технологиялар жорий этилган майдонларни 250 минг гектарга  етказиш режалаштирилган. Шу тартибда иш олиб бориб, тежамкор технологиялар қўлланиладиган майдонлар 2025 йилга бориб жами 1 млн. гектарга, жумладан, томчилатиб суғориладиган майдонлар 250–300 минг гектарга етказилади.

Сув ҳисобини юритишни автоматлаштириш

Президентимизнинг Мурожаатномасида сув хўжалиги объектларини бошқариш жараёнларини, сувни назорат қилиш ва унинг ҳисобини юритиш тизимини автоматлаштириш зарурлиги белгилаб берилди. Бу борада вазирлик тизимида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) билан имзоланган битимга мувофиқ, республикамизнинг асосий йиллик сув объектларига замонавий “Ақлли сув” тизими жорий қилиняпти. Ўтган йили KOICAнинг грант маблағи эвазига молиялаштирилаётган лойиҳа доирасида, 61 та сув хўжалиги объектларига сув сарфини онлайн кузатиш имконини берувчи қурилмалар ўрнатилди.

Ушбу тизим 2020 йилда яна 90 та объектда жорий қилинади. “Ақлли сув” тизимини 2025 йилда 300 тага, 2030 йилга бориб эса 1000 тага етказиш кўзда тутилган.

Бундан ташқари, сизот сувлари сатҳи ва минерализацияси тўғрисидаги маълумотларни онлайн узатиш, мониторинг юритиш ҳамда суғориладиган майдонларнинг мелиоратив ҳолатини баҳолаш тизимини яратиш мақсадида 2020 йилда 2000 дона, 2025 йилда 6000 дона ва 2030 йилгача 27270 дона кузатув қудуқларида геоахборот тизимлари ўрнатилади.

Шунингдек, ахборот-коммуникация технологиялари имкониятларидан кенг фойдаланган ҳолда 2020 йилда 10 та, 2020–2021 йилларда 20 та ва 2030 йилгача 100 та сув хўжалиги объектларини бошқариш жараёнлари ва сувни назорат қилиш ишлари автоматлаштирилади.

Соҳада кадрлар масаласига ва уларнинг малакасини ошириш ишларига алоҳида эътибор қаратилади. Жорий йилда 500 нафар, 2021 ва 2022 йилларда 800 нафар, 2030 йилга қадар эса жами 5000 нафар олий маълумотли ёш мутахассислар ишга олинади. Шунингдек, соҳадаги 7000 нафар раҳбар-ходимларнинг малакаси оширилади.

Сув хўжалигидаги илм-фан ютуқларини амалиётга жорий этиш, илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларини амалга оширишга жорий йилда ўтган йилга нисбатан 2,2 баравар кўп ёки 2 млрд. 200 млн. сўм  маблағ ажратилади. 2021–2022 йилларда ушбу рақамни 3,5 млрд. сўм ва 2030 йилгача 5,0 млрд. сўмгача етказиш режалаштирилган.

Сув хўжалигини 2030 йилгача ривожлантириш Концепцияси

Президентимизнинг Мурожаатномасида Сув хўжалигини 2030 йилгача ривожлантириш Концепцияси лойиҳасини жорий йил 1 апрелга қадар тасдиқлаш учун киритиш вазифаси белгиланган.

Осиё тараққиёт банки, Жаҳон банки, Швейцария тараққиёт ва ҳамкорлик агентлигининг грант маблағлари ҳисобига халқаро экспертлар ҳамда сув хўжалиги соҳаси учун истиқболни белгиловчи ҳужжатларни ишлаб чиқишга ихтисослашган Австралиянинг “Aither” компанияси мутахассисларини жалб қилган ҳолда ҳужжат лойиҳаси тайёрланди.

Хабарингиз бор, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси сув хўжалигини 2020-2030 йилларда ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.

Концепция лойиҳасидан:

- сувни тежайдиган технологияларни кенг жорий этиш;

- соҳада автоматлаштириш ва ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланиш;

- ирригация тармоқларида таъмирлаш-тиклаш ва бетонлаштириш ишларини амалга ошириш орқали уларнинг фойдали иш коэффициентларини ҳозирги 0,63 дан 0,73 гача етказиш, 1 миллион гектардан ортиқ майдонларнинг сув таъминотини яхшилаш;

- мелиорация объектларини қуриш ва реконструкция қилиш, таъмирлаш-тиклаш ишларини бажариш эвазига шўрланган майдонларни ҳар йили 1 фоизга камайтириш, шунингдек, 298,5 минг гектар фойдаланишдан чиққан майдонларни қайта фойдаланишга киритиш;

- 2030 йилгача хизмат муддатини ўтаб бўлган насос агрегатлари ва двигателларни энерготежамкорларига алмаштириш ҳамда насос станцияларини энерготежовчи қурилмалар билан жиҳозлаш ҳисобига электр энергияси истеъмолини ҳозирги 8,0 млрд. кВт. соатдан 6,0 млрд. кВт. соатгача қисқартириш;

- соҳада бозор иқтисодиёти тамойилларни ривожлантириш, шунингдек, 50 та сув хўжалиги объектини давлат-хусусий шериклик асосида хусусий секторга бериш вазифалари ўрин олади.

Матбуот анжуманида оммавий ахборот воситалари вакилларидан тушган саволларга мутахассислар томонидан батафсил жавоб қайтарилди.

Манба: Ўзбекистон Республикаси сув хўжалиги вазирлиги

Поделиться