Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Халқ таълими тизимида янги давлат хизмати жорий этилмоқда
2020-02-18 | Таълим
Халқ таълими вазирлиги давлат хизматлари кўрсатишни янада такомиллаштириш, фуқароларга қулайлик яратиш, умумий ўрта таълим тўғрисида ҳужжатларнинг дубликатини беришда шаффофликни таъминлаш ва коррупция ҳолатларини олдини олиш, ортиқча бюрократик жараёнларни тубдан қисқартириш мақсадида яна бир муҳим қадамни ташламоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил, 24 январь куни Олий Мажлисга мурожаатномасида жорий йилдаги энг устувор вазифалардан бири сифатида бошқарув тизими сифатини янада ошириш, жумладан, “Халқ давлат органларига эмас, балки давлат органлари халққа хизмат қилиши керак” деган тамойилни амалда тўлиқ таъминлаш бўйича вазирлик, идораларга муҳим топшириқлар берилди.
Шу билан бирга, 2020 йил “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” деб эълон қилиниши, рақамли технологиялар нафақат маҳсулот ва хизматлар сифатини ошириши, ортиқча харажатларни камайтириши, халқимизни ташвишга солувчи оғир иллат – коррупция балосини йўқотишда ҳам самарали восита эканлиги алоҳида таъкидланди. Зеро, давлат ва жамият бошқаруви, ижтимоий соҳада ҳам рақамли технологияларни кенг жорий этиб, натижадорликни ошириш, бир сўз билан айтганда, одамлар турмушини кескин яхшилаш мумкин.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 12 декабрдаги ПФ-5278-сон Фармонига мувофиқ, Вазирлар Маҳкамасининг “Умумий ўрта таълим тўғрисида ҳужжатларнинг дубликатини бериш бўйича давлат хизмати кўрсатишнинг маъмурий регламентини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Қарор лойиҳасига кўра, фуқаролар аттестат (шаҳодатнома) ёки сертификатларни йўқотган ёки фамилиясини ўзгартирганда ёхуд яроқсиз, бузилган ҳолларда Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали унинг дубликатини қисқа муддатда олишга эришади. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, шу вақтга қадар фуқаролар дубликат аттестат олишлари учун бир ой кутишлари зарур бўлган.
Қарор лойиҳаси regulation.gov.uz порталига кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги