Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Бишкек шаҳрида брифинг ўтказди
2020-02-18 | Сиёсат
2020 йил 17 февраль куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Неъматов мамлакатимизнинг Бишкек шаҳридаги Элчихонасининг мажлислар залида оммавий ахборот воситалари ва Қирғизистоннинг эксперт-сиёсатшунослар ҳамжамияти учун брифинг ўтказди.
Тадбир давомида Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Олий Мажлисига йўллаган Мурожаатномасининг асосий бандлари тўғрисида иштирокчиларга маълумот берилди. Мазкур Мурожаатномада 2020 йилни “Илм-маʼрифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили" деб эълон қилиш таклиф этилган эди. 2017-2021 йилларга мўлжалланган бешта асосий йўналиш бўйича Ҳаракатлар стратегиясида кўрсатилган кенг қамровли ислоҳотларни давом эттириш, минтақа мамлакатлари билан яхши қўшничилик ва ўзаро манфаатли муносабатларни янада мустаҳкамлаш борасидаги мамлакатимиз раҳбариятининг ташаббуслари алоҳида таъкидланди.
Қирғизистон-Россия Славян университети Сиёсатшунослик кафедраси доценти Наргиза Мураталиева давлатимиз раҳбари Мурожаатномасининг мазмунини юқори баҳолаб, Ўзбекистон раҳбарининг ушбу мурожаати нафақат ҳокимиятнинг барча тармоқлари, балки жамият ва ҳукумат ўртасидаги алоқаларни ҳам мустаҳкамлаётганини таъкидлади. Эксперт қайд этганидек, аниқ мақсад ва вазифаларини стратегик кўра олган давлатларгина изчил ва барқарор ривожланишга даъво қилиши мумкин. Эксперт Ўзбекистоннинг ялпи ички маҳсулот, экспорт ва сайёҳлар оқимининг ортиши каби иқтисодий соҳадаги ютуқларига батафсил тўхталди. Британиянинг “Economist" журналининг Ўзбекистонни “йил мамлакати" дея эътироф этиш тўғрисидаги қарорига алоҳида урғу берилди.
Қирғизистон Ташқи алоқалар ва хавфсизлик кенгаши ижрочи директори Алмаз Тажибай Ўзбекистон раҳбарининг сўзлари ва амали бир-бирига зид эмаслигини қайд этди. Ўзбекистон Марказий Осиёда хавфсизликни таъминлашнинг асосий кафолати бўлган мамлакат ҳисобланади. Президент Шавкат Мирзиёевнинг қатъий сиёсий иродаси ва донолиги туфайли бугунги кунда Ўзбекистон кўп қиррали ташқи сиёсатни самарали амалга оширмоқда, ўз суверенитетини сақлаб дунёнинг йирик марказлари билан мувозанатли мулоқат олиб бормоқда. Экспертнинг фикрига кўра, Ўзбекистон Марказий Осиёда интеграция жараёнларини ривожлантиришда локомотив вазифасини бажаряпти ва ташқи кучларнинг аралашувисиз барча қўшни давлатларни бирлаштиришга қодир.
Брифинг иштирокчилари Ўзбекистон Президентининг коррупцияга қарши курашиш, қонун устуворлиги, инсон ҳуқуқлари, сўз эркинлиги, туман ва вилоят раҳбарларининг маҳаллий Кенгашлар олдида ҳисобдорлигини таъминлаш борасидаги ташаббуслари алоҳида эътиборга лойиқлигини таъкидладилар.
Брифинг давомида журналистлар ва экспертларнинг Ўзбекистон-Қирғизистон муносабатлари ва умуман Ўзбекистоннинг замонавий ташқи сиёсати билан боғлиқ саволларига жавоб берилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги