Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
АКТ ривожи — тараққиёт пойдевори
2020-02-17 | Технологиялар
Ахборот технологияларини давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида кенг татбиқ этиш ҳозир энг долзарб вазифалардан бири бўлиб турибди. “Электрон ҳукумат" тизимини шакллантириш борасидаги саъй-ҳаракатлар айнан шунга қаратилган. “Рақамли Ўзбекистон-2030” дастури ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий этилиши эса тараққиётимизнинг янги босқичини бошлаб беради.
Телекоммуникация инфратузилмасини ривожлантириш давр талаби Телекоммуникация инфратузилмасини ривожлантириш мамлакат ижтимоий-иқтисодий тараққиётининг муҳим омилларидан биридир. Шу мақсадда айни пайтда юртимизда интернет ва мобил алоқа хизматлари кўрсатиш даражасини юксалтириш бўйича сезиларли ишлар амалга оширилмоқда. Масалан, биргина ўтган йилнинг ўзида 2 017 та янги мобил алоқа база станцияси ўрнатилиши натижасида Ўзбекистонда мобил алоқа билан қамрови 96 фоизга ва мобил интернет тармоғига кенг полосали уланиш қамрови эса 70 фоизга етказилди. Жорий йилда чекка ҳудудларда 2 200 та шундай станция ўрнатиш режалаштириляпти.
Сервис, туризм, савдо ва умумий овқатланиш объектларининг жозибадорлигини ошириш мақсадида барча диққатга сазовор жойлар, зиёратгоҳлар, темир йўл вокзаллари, аеропортларда Wi-Fi тармоғи орқали интернетга уланиладиган 685 дан ортиқ нуқта ишга туширилди.
Телекоммуникация тармоқларини янада ривожлантириш йўналишида оператор ва провайдерлар томонидан амалга оширилган кенг кўламли ишлар натижасида ўтган 2019 йилда халқаро интернет тармоғига уланишнинг умумий ўтказувчанлик қобилияти 1 200 Гбит/с.ни ташкил этди. Коммутация маркази орқали 750 Гбит/с тезликда Интернет тармоғига чиқиш имконияти яратилди ва тармоқнинг юкланиш даражаси 76,6 фоизга ўсди.
2020 йилнинг 1 январидан оператор ва провайдерларга Интернет хизматлари учун тариф ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 34 фоизга арзонлаштирилиб, 1 Мбит/с учун 56,0 минг сўмни ташкил этди.
2021 йилда барча ижтимоий соҳа объектлари юқори тезликдаги интернет билан таъминланади ҳамда олис чекка ҳудудлардаги аҳоли масканларида ҳам телекоммуникация хизматларидан фойдаланиш имконияти яратилади.
Рақамли иқтисодиётни ривожлантириш, электрон ҳукумат, электрон тижорат, хавфсиз ва ақлли шаҳар тизимларини кенг жорий қилиш жараёнида маълумотларни сақлаш ва қайта ишлаш учун ҳар бир ҳудудда дата-марказлар фаолиятини ташкил этиш зарур. Шу мақсадда хорижий компаниялар билан биргаликда Тошкентдаги мавжуд дата-марказни кенгайтириш, шунингдек, пойтахтимизда, Қўқон ва Бухоро шаҳарларида мутлақо янги дата-марказлар қурилиши белгиланган.
Халққа хизмат йўлида
Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг давлат органлари билан тўғрида тўғри алоқа шаклларини янада ривожлантириш мақсадида Ягона интерактив давлат хизматлари порталининг янги версияси ишлаб чиқилди. Ҳозир Ягона портал орқали 176 та электрон давлат хизмати тақдим этилмоқда.
Тадбиркорлар, жумладан, чет эл инвесторлари мурожаатлари билан сифатли ва тезкор ишлашни ташкил этиш, улар билан очиқ ва тўғридан-тўғри мулоқотни таъминлаш, қонуний талабларини самарали рўёбга чиқариш ва муаммоли масалаларини ҳал этиш мақсадида Бош вазирнинг тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш виртуал қабулхонаси - “business.gov.uz” портали ишга туширилди.
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини барча манфаатдор вазирликлар, идоралар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига кўриб чиқиш, электрон рақамли имзодан фойдаланган ҳолда келишиш, жумладан, бир вақтнинг ўзида кенг жамоатчилик ва мутахассислар муҳокамасини ўтказиш ва тезкор жўнатиш учун вақтни ва меҳнат ресурсларини сезиларли даражада тежаш мақсадида “project.gov.uz” ягона электрон тизими жорий этилди.
Президентимиз Олий Мажлисга Мурожаатномасида Тошкент шаҳрида замонавий инфратузилмага эга бўлган дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки — IT-Парк барпо этилгани, у ўзининг дастлабки натижаларини бера бошлаганини таъкидлади. Бундай IT-Парклар Нукус, Бухоро, Наманган, Самарқанд, Гулистон ва Урганч шаҳарларида ҳам ташкил этиляпти.
5 та муҳим ташаббуснинг учинчи ташаббуси амалда
Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан ижтимоий, маънавий-маърифий соҳалардаги ишларни янги тизим асосида йўлга қўйиш бўйича илгари сурилган 5 та муҳим ташаббуснинг учинчи ташаббуси доирасида республика бўйича 22 та Рақамли технологиялар ўқув марказлари ташкил этилди. Ушбу Рақамли технологиялар ўқув марказларини 2020 йилда 80 та етказишга режалаштирилмоқда. Бундан асосий мақсад аҳолининг компютер саводхонлгини янада оширишга хизмат қилади.
Мазкур марказлар фаолиятини самарали ташкил этиш мақсадида Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети томонидан 14-30 ёшдагилар учун дастурлаш асослари, компютер графикаси, робототехника, веб ва мобил иловалар яратишга оид жами 19 та фан дастурлари ишлаб чиқилди.
Мазкур марказларда жами 3,0 минг нафар тингловчи ўқув курсларини якунлади, ҳозир 1,6 минг нафар тингловчи таҳсил олмоқда.
Соҳада кадрлар тайёрлаш
Соҳада таълим беришнинг илғор услубларини жорий этиш, иқтидорли ёшлар салоҳиятини юксалтириш, хорижий мамлакатларнинг етакчи таълим муассасалари билан самарали мулоқотни ташкил қилиш, кадрлар тайёрлашга катта эътибор қаратилмоқда.
Тошкент ахборот технологиялари университети ва унинг ҳудудий филиаллари 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб замонавий таълимнинг кредит тизимига ўтказилди. Натижада жаҳон стандартларига мослаштириш учун ўқув режалари янги фанлар билан бойитилди, талабаларга фанларни танлаш эркинлиги берилди, профессор-ўқитувчилар ва талабаларга академик мобиллик тизимини йўлга қўйиш имконияти яратилди. Ҳозирги кунда бу тизимда 9 609 нафар талаба таълим олмоқда. Университетга хорижий давлатлардан 21 нафар профессор-ўқитувчи жалб қилинди.
2019 йилда университетда Япония халқаро ҳамкорлик ташкилотининг 1,6 млн. долл. миқдоридаги техник гранти ҳисобига Ўқув медиа маркази иш бошлади.
Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактабнинг 1200 ўринли замонавий янги биноси фойдаланишга топширилди.
Хулоса қилиб айтганда, АКТ соҳасида жадал ислоҳотлар юртимизнинг инновацион тараққиётига кенг йўл очиб беради.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги