Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
2019 йилда тизимга ажратилган бюджет маблағлари самарали ва мақсадли сарфланди
2020-02-17 | Соғлиқни сақлаш
Ўтган 2019 йил мамлакатимиз тиббиёт тизими бўйича қабул қилинган Давлат дастурларида белгиланган вазифаларни амалга ошириш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлигининг марказлаштирилган тадбирлар харажатлар сметасига жами 282,3 миллиард сўм бюджет маблағлари ажратилган эди.
Табиийки, бу бюджет маблағлари юртимизда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, шошилинч ва тез тиббий хизмат, онкология, эндокринология, қон хизмати каби кўплаб йўналишдаги даволаш муассасаларини дори воситалари, реактив ва реагентлар, тиббий буюмлар билан таъминлаш учун йўналтирилди.
– Сўнгги йилларда Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида давлат маблағларидан туғри, оқилона ва самарали фойданишнинг энг шаффоф ва очиқ тизими яратилди, дея қатъий айтишимиз мумкин, – дейди вазирлик бош бошқарма бошлиғи Беҳзод Эргашев. – Бунинг учун, энг аввало, харид жараёнларини холис ва очиқ ўтказиш учун техник топшириқларни халқаро тажрибадан келиб чиқиб, ҳар бир тендер ҳужжатлари сифатли ва ўз муддатида тайёрланди. Навбатдаги босқичда эса тендер савдоларининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш мақсадида танловда фақат саноқли иштирокчиларни эмас, балки дунё миқёсидаги энг нуфузли компаниялар иштирокини таъминлаш бўйича кенг имкониятлар яратилди. Бюрократик тўсиқлар тўлиқ бартараф этилди. Бу каби кўрилган чора-тадбирлар натижасида ўтган йилда марказлаштирилган тадбирлар доирасида 47,9 миллиард сўм бюджет маблағини тежаб, ундан яна қайта самарали фойдаланиш чоралари кўрилди.
Шу ўринда тежалган ушбу маблағ қандай мақсадларга ишлатилди, деган савол туғилиши табиий. Айтиш керакки, бу маблағлар ҳаётий зурур, кечиктириб бўлмас йўналишларга, жумладан, эшитиши заиф бўлган ёш болалар учун кохлеар имплантантлари, антиретровирус препаратлари, гемодиализ аппаратларининг бутловчи қисмлари ва гемофилия касаллиги билан оғриган беморлар учун дори воситаларини яна қўшимча равишда харид қилишга йўналтирилди. Шу тариқа қатор касалликлар давоси учун зарур бўлган дори таъминоти юз фоизга етказилиб, кўплаб беморларнинг ўз вақтида шифо топиб, соғайишига эришилди.Бундан ташқари, биринчи марта вазирлик томонидан марказлашган маблағлар ҳисобидан диабет касаллигига чалинган беморлар учун инсулин препаратлари билан таъминлаш ҳам йўлга қўйилди.
Шунингдек, ушбу бюджет маблағлари ҳисобидан соғлиқни сақлаш тизимида фаолият юритаётган 300 нафарга яқин тиббиёт ходимларини илғор хорижий тажрибани ўрганиш мақсадида ривожланган давлатларда малака оширганликлари ҳам муҳим аҳамият касб этди.
Яна бир эътиборли жиҳати шундаки , ўтган йили Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан жами 8 та инвестиция лойиҳалари амалга оширилиб, 94 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағлар ўзлаштирилди.
– Инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш самарадорлигини яхшилаш мақсадида бир қатор янгиликлар киритилди, – дейди вазирлик бошқарма бошлиғи Жамшид Раҳмонов. – Жумладан, ушбу лойиҳалар бўйича тендер савдоларини ўтказишда шаффофлик ва очиқликни таъминлаш ҳисобига танлов иштирокчилар сонининг кўпайишига эришилди. Ва, бу жараёнда тажрибали хорижий экспертларининг тавсиялари ҳам ҳисобга олинганлиги муҳим ўрин тутди. Бундан ташқари, Европа, АҚШ, Япония, Жанубий Корея ва бошқа ривожланган мамлакатларнинг таниқли ишлаб чиқарувчилари ҳамда уларнинг дистрибютерлари билан тўғридан-тўғри алоқалар ўрнатилди.
Натижада, нархи жуда қиммат деб ҳисобланган юқори сифатга эга, замонавий технологияга асосланган тиббий асбоб-ускуналар энг мақбул нархларда харид қилинди. 2019 йилнинг ўзида юртимизнинг қатор даволаш муассасалари АҚШнинг “General Electric” компаниясининг магнит резонансли томографлари ва ультратовушли текширув ускуналари, Германиянинг “Siemens” компаниясининг ангиографлари, Япониянинг “Shimadzu” компаниясининг рентген апаратлари билан жиҳозланди.
Энг муҳими, ўтган йилда соғлиқни сақлаш соҳасидаги инвестиция лойиҳалари бўйича 22,9 млн АҚШ доллари миқдоридаги маблағ иқтисод қилинди. Айни пайтда ушбу маблағларни соҳа ривожи учун керакли бўлган янги, замонавий тиббий технологияларни харид қилиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
– 2019 йилда фақат Инвестиция лойиҳалари доирасида эмас, балки давлат бюджетидан ажратилган 25,9 миллион АҚШ доллари маблағи эвазига ҳам тиббий асбоб-ускуна, жиҳозлар ва сарфлов воситалари харид қилинди, – дея сўзида давом этди Ж. Раҳмонов. – Ўтказилган харид жараёнлари натижаларига кўра, яна 4 миллион АҚШ доллари тежалишига эришилди. Табиийки, иқтисод қилинган маблағга ҳам қўшимча равишда тиббий асбоб-ускуна ва тиббий жиҳозлар харид қилинмоқда.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги