Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Польша Республикаси бош меҳнат инспектори билан музокаралар олиб борди
2020-02-17 | Жамият
2020 йил 13 февраль куни Варшава шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Н.Хусанов Польша Республикаси бош меҳнат инспектори В.Лыщек билан учрашди.
Музокаралар жараёнида Польша ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон фуқароларининг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва ташкиллаштирилган меҳнат миграцияси тизимини жорий этиш, шунингдек, Польша ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун рухсатнома олиш тартибини соддалаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашувда икки мамлакат Меҳнат инспекциялари ўртасида тажриба алмашинувини йўлга қўйиш ва Ўзбекистон Республикасида меҳнат қонунчилигига риоя қилишни назорат тизимига замонавий тажрибани жорий қилиш мақсадида ҳамкорлик қилишга келишиб олинди.
Ўзбекистон Республикасининг меҳнат салоҳияти, республиканинг демографик тенденцияси, меҳнат бозорининг ҳозирги ҳолати, ишчи касблар бўйича малакали мутахассислар тайёрлаш бўйича мавжуд имкониятлар тўғрисида батафсил маълумот берилди.
Музокара якунида Польша Меҳнат инспекцияси меҳнат муносабатлари қонунчилиги бузилиши ҳолатлари бўйича ўзбекистонлик фуқаролардан мурожаатлар келиб тушган тақдирда уларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилишда ёрдам кўрсатишга тайёр эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги