Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Польша Республикаси Оила, меҳнат ва ижтимоий сиёсат вазири билан музокаралар олиб борди
2020-02-17 | Жамият
2020 йилнинг 13 февраль куни Варшава шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Н.Хусанов Польша Республикаси Оила, меҳнат ва ижтимоий сиёсат вазири М.Малаг билан учрашди.
Учрашув доирасида М.Малаг Польша Республикасидаги демографик ҳолат, бандлик даражаси, мамлакат ривожланиш кўрсаткичлари, ишсизлик даражасини камайтириш тенденциялари ва аҳоли учун яратилаётган ижтимоий дастурлар ҳақида маълумот берди.
Ўзбекистон томони Ўзбекистон Республикасининг ишчи кучи салоҳияти, республиканинг демографик тенденцияси, меҳнат бозорининг ҳозирги ҳолати, ишчи касблар бўйича малакали мутахассислар тайёрлаш юзасидан мавжуд имкониятлар тўғрисида батафсил тақдимот ўтказди.
Шунингдек, Н.Хусанов Ўзбекистон фуқароларини Польша Республикасига ноқонуний меҳнат миграциясининг олдини олиш учун Ўзбекистонни Польша меҳнат бозорида иштирок этишда енгиллаштирилган имкониятлар берилган давлатлар рўйхатига киритиш орқали, ташкиллаштирилган меҳнат миграцияси тизимини жорий этиш мақсадида Ҳукуматлараро битим имзолаш таклифини берди.
Ўз навбатида, М.Малаг Польша Ҳукумати хорижий мамлакатлар, хусусан Ўзбекистондан малакали ишчиларни жалб қилишга қизиқиш билан қараётганини алоҳида таъкидлаб, бугунги кунда Польша Парламенти томонидан миграция сиёсатини тартибга солувчи қонун ҳужжати лойиҳаси муҳокама қилинаётганлигини, ушбу учрашув айни вақтда ўтказилаётганлигини билдирди. Учрашувда Ўзбекистон томонидан берилган таклифлар ташкиллаштирилган меҳнат миграцияси тизимини жорий этишда асос бўлиб хизмат қилишини кўрсатиб ўтди.
Таъкидлаш жоизки, ушбу масала Ўзбекистон ва Польша Республикалари ўртасида илк бор муҳокама этилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги