Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
ХТВ ва ETS ўқувчи ҳамда ўқитувчилар билимини баҳолаш учун мустақил тизим яратиш имкониятларини муҳокама қилмоқда
2020-02-14 | Таълим
Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги ҳамда Американинг ETS компанияси ўқувчи ва ўқитувчилар билимини баҳолаш учун мустақил орган яратиш мақсадида ҳамкорлик имкониятларини кўриб чиқмоқда.
Жорий йилнинг 13 февраль куни Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов ETS делегациясини қабул қилди. Делегация аъзолари ETS Global стратегияси ва ривожланиши бўйича ижрочи директори Гербен ван Лент ва ETS Globalнинг минтақавий директори Анна Гутковска-Зайецдан иборат.
Учрашув давомида томонлар Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги ва ETS ўртасидаги ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини муҳокама қилди.
Хусусан, лойиҳада ўқувчи ва ўқитувчилар билимини баҳолаш учун мустақил тизим тузиш бўйича Америка томонининг иштирок этиши масалалари кўриб чиқилди.
Таъкидлаш жоизки, Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига йўллаган мурожаатида юртимизда педагогик маҳорат ва малака даражасига эга бўлган, ўз ишида аниқ натижаларга эришган ўқитувчиларга юқори маош тўлаш тизимини жорий этилишини қайд этди.
Ўқитувчилар малакаси ва билимини баҳолаш учун махсус мустақил тизим ташкил этилиши билан ўқитувчиларни аттестациядан ўтказиш тизими ҳам яратилади.
Халқ таълими вазирлиги ушбу лойиҳада илғор тажрибаларни ўрганиш, ўқитувчи ҳамда ўқувчиларнинг билим ва малакаларини баҳолашнинг шаффоф механизмини яратиш учун чет эллик ҳамкорларни жалб этиш бўйича иш олиб бормоқда.
Музокаралар давомида Шерзод Шерматов Ўзбекистонда ҳанузгача ўқитувчи ва ўқувчилар билимини, шунингдек, таълим сифатини баҳолаш механизмлари мавжуд эмаслигини таъкидлади. Янги тизимни яратиш бундай механизмни шакллантиришдаги биринчи қадам бўлиб, мактабларда таълим сифатини объектив баҳолаш, шунингдек, мавжуд камчиликларни бартараф этишда зарур чораларни кўриш имконини беради.
Унинг сўзларига кўра, юқори малакали ўқитувчилар бошқа ҳамкасбларига қараганда бироз кўпроқ маош олиши керак. Шунингдек, янги тизим ўқитувчиларни доимий равишда ўз устида ишлашга, билим ва педагогик маҳоратини оширишга туртки беради.
Америка томони ETS бундай марказларни ташкил этиш ва ўқитувчиларнинг малакасини баҳолаш учун имтиҳонлар ўтказиш тажрибасига эга эканлигини таъкидлади. АҚШда, хусусан, ўқитувчилар учун PRAXIS имтиҳонлари ўтказилади.
Учрашув давомида томонлар ўқувчи ва ўқитувчилар билимини баҳолаш тизимини яратиш бўйича ҳамкорликнинг кейинги босқичларини муҳокама қилди.
Educational Testing Service (ETS) — бу нодавлат ва нотижорат тизим бўлиб, у таълим соҳасида синов ва баҳолашни амалга оширади. ETS стандарт тестларни ишлаб чиқади ва TOEFL, TOEIC, GRE, HiSET, PRAXIS ва бошқаларни синовдан ўтказади.
Тестдан ташқари ETS ўқув тадқиқотларини олиб боради ва ўқитувчиларни сертификатлаш, инглиз тилини ўрганиш, бошланғич ва ўрта мактаб ҳамда ўрта мактабдан кейинги таълим учун кўплаб шахсий хизматларни ва маҳсулотларни ишлаб чиқади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги