Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Учувчисиз учиш қурилмаларидан сувни бошқаришда фойдаланиш мумкин
2020-02-14 | Технологиялар
2020 йил 13 февраль куни Сув хўжалиги вазирлигида соҳада учувчисиз учиш қурилмаларидан фойдаланиш масалаларига бағишланган семинар ўтказилди.
Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри бўйича Давлат қўмитаси ҳузуридаги “Геоинновация маркази” ДУК билан ҳамкорликда ташкил этилган ушбу семинарда таъкидландики, учувчисиз учиш қурилмалари турли ҳолатлар, вазиятлар, воқеалар, фавқулодда ҳолатларни юқоридан туриб тасвирга олади. Бу кенг доирадаги маълумотларни йиғиш ва шунга қараб чора-тадбирларни амалга оширишда муҳим аҳамият касб этади.
Жумладан, далаларнинг, суғориш тармоқларининг хариталарини тузиш, катта ер майдонларида экинларни суғоришни кузатиш, ўсимликларга зарур озуқавий моддалар етиб боришини таҳлил қилиш мумкин. Шунингдек, ер-сув майдонларини назорат қилиш имконини беради. Улар ёрдамида қишлоқ хўжалигида ер майдонларининг чегараларини, тупроқнинг хусусиятлари, ўсимликнинг сувга муҳтожлигини аниқлаш, ҳатто, сувни бошқаришда ҳам фойдаланиш мумкин.
Шу билан бирга, таъкидландики, мамлакатимизда учувчисиз учиш қурилмаларини эксплуатация қилиш тартиби ишлаб чиқилган. Қонунчиликка кўра, учувчисиз учиш қурилмаларидан рухсатсиз фойдаланганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланган.
Манба: Ўзбекистон Республикаси сув хўжалиги вазирлиги