Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
“Оролдаги боғим” агро ва экотуризм лойиҳаси амалга оширилади
2020-02-14 | Фан
«Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Оролбўйи халқаро инновация марказининг фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» президент қарори 2020 йилнинг 12 февралида қабул қилинди.
Ҳужжатга кўра Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Оролбўйи халқаро инновация маркази ва Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигининг Орол денгизининг қуриши оқибатларини бартараф этиш ҳамда сайёҳлар сонини кўпайтиришга қаратилган “My garden in the Aral Sea” (“Оролдаги боғим”) агро ва экотуризм лойиҳасини амалга оширилади.
Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ туманида 20,3 гектар майдонда “Мўйноқ” тажриба-синов майдони, Нукус туманида 20 гектар майдонда “Саманбой” тажриба-синов майдони ташкил этилган, шўрланиш ва қурғоқчиликка чидамли чўл ва манзарали ўсимликлар генофонди шакллантирилиб, унда 13 турдаги ўсимлик дунёси объектлари синовдан ўтказилмоқда.
Халқаро инновация марказининг илмий лабораторияларини замонавий ускуналар билан жиҳозлаш, шу билан бирга зарур сарфланадиган материаллар ва бутловчи буюмлар билан узлуксиз равишда таъминлаш, шунингдек, “My garden in the Aral Sea” (“Оролдаги боғим”) агро ва экотуризм лойиҳасини амалга ошириш бўйича харажатлар Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.
Қарор билан Халқаро инновация маркази директорига, зарур ҳолларда, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳамда Инновацион ривожланиш вазирлиги билан келишилган ҳолда Халқаро инновация марказининг ижро аппарати тузилмасига Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган қўшимча штат бирликларини киритиш ҳуқуқи берилди.
Ҳужжатга кўра Ўзбекистон Республикаси инновацион ривожланиш вазири И.Ю.Абдураҳмонов Оролбўйи ҳудудида инновацион ва илмий ишланмаларни кенг жорий этиш, Халқаро инновация марказининг инновацион ва илмий фаолиятини мувофиқлаштириш, ҳамда қарор ижроси бўйича 2020 йил 1 июнга қадар Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига якуний ахборот киритиш вазифаси юклатилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш агентлиги