Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Тошкент давлат иқтисодиёт университетида депутатлар, сенаторлар, банк ходимлари ва ёшлар учрашуви ўтказилди
2020-02-13 | Таълим
2020 йил 12 февраль куни Тошкент давлат иқтисодиёт университетида “Янги Ўзбекистоннинг банк тизими учун янги кадрлар” мавзусида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари, Марказий банк ҳамда акциядорлик тижорат банкларининг кадрлар билан ишлаш бўйича бошлиқларининг талаба-ёшлар билан учрашуви бўлиб ўтди.
Тадбирда сўз олганлар Олий Мажлисга йўлланган Президент мурожаатномасида банк тизими рақамли технологияларни қўллаш, янги банк маҳсулотларини жорий этиш ва дастурий таъминотлар бўйича замон талабларидан 10-15 йил орқада қолаётгани, соҳа учун тайёрланаётган кадрларнинг бугунги кун талабларига мутлоқо жавоб бермаслиги ҳақида танқидий фикрлар билдириб ўтилганини айтиб ўтдилар.
Шундан келиб чиқиб, банкларда ахборот технологияларини кенг татбиқ этишга қодир салоҳиятли мутахассисларни етказиб беришда олий таълим муассасалари билан бевосита амалий ҳамкорликни янги босқичга чиқариш бўйича фикр-мулоҳазалар ва таклифлар билдирилди. Жумладан, банклар ўз кадрлар сиёсати ва фаолият йўналишларидан келиб чиқиб, олий таълим муассасасининг ўқув-услубий таъминотини сифат жиҳатидан яхшилаш борасида банк соҳасидаги сўнги ўзгариш ва жорий этилаётган дунё стандартлари асосида назариётчи педагоглар билан амалий иш олиб бориш мақсадга мувофиқ эканлиги айтиб ўтилди. Дарс машғулотларини соҳадаги бугунги ислоҳотлар жараёнига монандлигини таъминлаш мақсадида соҳанинг малакали мутахассисларини бу жараёнга жалб этиш зарур.
Айтиб ўтилдики, банкларнинг капитал, ресурс базаси ва даромадларини ошириш аввало соҳада фаолият юритаётган мутахассислар малакасини ошириш, соҳадаги илмий янгиликлар билан ҳам уларни таништириб боришда олимларнинг иштирокини кучайтириш зарур.
Шунингдек, олимлар, соҳа мутахассислари, тадбиркорлар ва талабалар иштирокида бизнес лойиҳаларни иқтисодий таҳлил қиладиган муаммоли тадқиқот лабораториялари фаолиятини йўлга қўйиш соҳани ривожлантиришга ўз ҳиссасини қўшади. Аҳолида банк тизимига нисбатан ишончни шакллантириш ва банклар фаолиятига четдан аралашиш ҳолатларига чек қўйишга қаратилган қонуний асосларни мустаҳкамлаш ва унинг ижросини назорат қилиш борасидаги фикр-мулоҳазалар ҳам қизғин муҳокама қилинди.
P/S. Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг “Банк иши” таълим йўналишининг бакалавр босқичида 88 нафар битирувчи, шундан 70 нафари ишга жойлашган. Шулардан 47 нафари, яъни 67 фоизи банк тизимида фаолият кўрсатмоқда. “Банк иши” мутахассислиги бўйича Магистратура босқичини 39 нафар талаба тамомлаган. Улардан 30 нафари ишга жойлашган бўлиб, 25 нафари банк тизимида меҳнат фаолиятини олиб бормоқда.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги