Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
БМТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари доимий мувофиқлаштирувчиси билан учрашув
2020-02-12 | Сиёсат
2020 йил 12 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Нарбаева БМТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари доимий мувофиқлаштирувчиси Хелена Фрейзер билан учрашди.
Ўзбекистон ва БМТ ўртасида Барқарор ривожланиш мақсадларига (БРМ) эришиш масалаларида ҳамкорлик қилиш муҳокаманинг асосий мавзуси бўлди. Жумладан, БТМни тарғиб қилишда парламентнинг роли ҳақида сўз борганда Танзила Нарбаева мамлакатимизда жорий йилдан бошлаб БМТнинг 17 та барқарор ривожланиш мақсадига эришиш устидан кучли парламент назорати ўрнатилишини, шу туфайли парламентда ҳукумат аъзоларининг ушбу масала юзасидан тегишли ҳисоботларини эшитиш амалиёти жорий этилишини таъкидлади.
Шунингдек, учрашувда гендер масалалар бўйича ҳамкорлик қилишнинг турли жиҳатлари муҳокама этилди. Жумладан, 2020-2030 йилларда Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш стратегияси лойиҳаси ҳақида сўз борди. Ушбу Стратегиянинг БМТ экспертлари томонидан баҳоланиши зарурлиги таъкидланди.
Ўзбекистонда БМТнинг 75 йиллигига бағишланган тадбирлар ўтказиш масалалари ҳам муҳокама этилди. Шу нуқтаи назардан БМТ тузилмалари жаҳоннинг барча мамлакатларида бўлгани каби республикамизда ҳам ўзбекистонликлар ўз келажагини қандай кўришни исташи ва бунда БМТ қандай роль ўйнаши ҳақида сўров ўтказишни режалаштираётгани қайд этилди.
Учрашувда томонлар ўзаро манфаатдор бўлган бошқа масалаларни ҳам муҳокама қилдилар.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати