Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигида Чирчиқ шаҳрини марказлашган иссиқлик таъминоти тизимини реконструкция қилиш ва энергия самарадорлигини ошириш лойиҳасини амалга ошириш бўйича Туркиянинг “Mimsan Endustri Kazanlari Sanayi ve Ticaret A.S.” Компанияси ҳамда Чирчиқ шаҳар “Иссиқлик таъминоти” ДУК ўртасида битими имзоланди.
Мазкур битим Жаҳон банки кредит маблағлари ҳисобидан амалга оширилаётган “Андижон, Чирчиқ, Бухоро, Самарқанд ва Тошкент (Сергели тумани ТЦ-8) шаҳарларида марказлаштирилган иссиқлик таъминоти тизимини реконструкция қилиш ва энергия самарадорлигини ошириш” лойиҳаси доирасида имзоланган биринчи битим бўлди.
Чирчиқ шаҳрида лойиҳанинг дастлабки босқичини амалга ошириш бўйича халқаро тендер савдоларида Туркиянинг “Mimsan Endustri Kazanlari Sanayi ve Ticaret A.S.”. компанияси пудратчи сифатида ғолиб деб топилди. Умумий қиймати 4,89 млн. АҚШ долларини ташкил этадиган ушбу лойиҳа доирасида Чирчиқ шаҳрининг “Юбилейная” қозонхонасида ва иссиқлик тармоқларида модернизация ва реконструкция ишлари ушбу компания томонидан амалга оширилади.
Бу ҳақда шундай дейди:
–Чирчиқ шаҳрида ҳар бири 25 МВт қувватга эга, умумий қуввати 75 МВт бўлган 3 та иссиқлик қозонларини ўрнатиш, 2 км бўлган иссиқлик узатиш қувурларини алмаштириш ва 15 комплект индивидуал иссиқлик пунктлари ўрнатиш кўзда тутилган, – деди Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги Марказлаштирилган иссиқлик таъминоти тизимини реконструкция қилиш ва энергия самарадорлигини ошириш лойиҳа директори Самандар Караев. – Шартномага асосан компания томонидан қурилиш-монтаж ишлари жорий йилнинг февраль ойидан бошланиб 2021 йил якунига қадар якунланади.
Бунинг натижасида 14 та кўп квартирали уйлардаги 812 та хонадон ва 3 та ижтимоий соҳа объектлари узлуксиз иссиқлик энергияси билан таъминланади.
Шу билан бирга лойиҳанинг кейинги босқичларида (2021-2023 йил) 19,3 км. иссиқлик тармоқларини қуриш, 184 та комплект индивидуал иссиқлик пунктларини ўрнатиш кўзда тутилган. Бунинг натижасида ҳудуддаги 161 та кўп квартирали уйлар ва 14 та ижтимоий соҳа объектлари иссиқлик энергияси билан таъминланади. Бугунги кунда лойиҳанинг кейинги босқичларини амалга ошириш учун халқаро тендер савдоларига тайёргарлик кўрилмоқда.
Лойиҳа доирасида фойдали иш коэффиценти 92 фоиздан юқори бўлган замонавий энергия ва газни тежовчи қозон ускуналарини ҳамда атроф муҳитни ифлосланишининг олдини олувчи фильтр ускуналарини ўрнатиш натижасида табиий газ ва электр энергиясини тежашга, атроф муҳит ифлосланишини олдини олишга эришилади.
Манба: ЎзА