Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Республикамизда илк маротаба тик қудуқларни “онлайн режим”да масофадан бошқариш жорий этилди
2020-02-12 | Инновация
Фарғона вилоятида республикамизда илк маротаба тик қудуқларни “онлайн режим”да масофадан бошқариш жорий этилди. Ўрнатилган автомат қурилмалар электр энергиясини тежаш, авария ҳолатларини олдиндан аниқлаш, бегона шахслар томонидан қудуқдаги насоснинг ёқиб-ўчирилишига чек қўйиш, ёғингарчилик шароитида ҳам ходимларнинг ортиқча вақт сарфини ва сув беҳуда исроф бўлишини камайтиришга хизмат қилади. Шунингдек, диспетчер хонасидан бир вақтнинг ўзида бир нечта тик суғориш қудуқларини бошқариш имконини беради.
Сирдарё-Сўх ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси ҳузуридаги Насос станциялари ва энергетика бошқармасига қарашли, Фарғона туманининг “Оқбилол” ҳудудида жойлашган №314-сонли тик сув чиқариш қудуғи 5 та фермер хўжалигига хизмат кўрсатади. Илгари ушбу қудуқдан сув олувчи энг охирги дала майдонига оби-ҳаёт тўрт-тўрт ярим соатда етиб борган. Яъни, ариқ тўлгунга қадар шунча вақт давомида электр энергияси сарфланган. Шу билан бирга, ер остидан тортиб чиқарилган сувнинг қарийб ярми экинларгача етиб борган холос.
Суғориш қудуғига 160 диаметрли полиэтилен қувурдан 500 метр тортилиб, 5 та фермер хўжалигининг ҳар бирига биттадан сув қулоқлари (задвижка) ўрнатилганидан сўнг, сув 4 дақиқа ичида бир томчи ҳам йўқолмасдан охирги дала майдонига етиб борадиган бўлди.
Мутахассислар таҳлилига кўра, шу қудуққа ўрнатилган насос соатига 45 кВт (киловат) ёки 20250 сўм маблағ сарфлаётган бўлса, 4 соатда бу кўрсаткич 180 кВт ёки 81 минг сўмни ташкил этади. Эндиликда ҳар суғориш чоғида 4 соат ариқ тўлғазишга кетган электр энергияси ёки 81 минг сўм миқдоридаги давлат бюджети маблағлари иқтисод қилинмоқда. Умуман олганда, илгаригига нисбатан электр энергиясини 15 фоиз тежаш ва сув йўқотилишини 50 фоиз камайтиришга эришилди.
5 та фермер хўжалигининг 31,5 гектар майдонига полиэтилен қувур ва 5 дона сув қулоқлари (задвижка) ўрнатиш харажатлари эса 25,0 миллион сўмни ташкил этди.
Ҳозирги кунда 27 та тик қудуқда бу янгилик жорий қилинган бўлиб, биринчи чорак давомида улар сонини 45 тага етказиш режалаштирилган.
Ҳамиджон БУРҲОНОВ,
Сирдарё-Сўх ирригация тизмлари ҳавза бошқармаси
Матбуот котиби
Манба: Ўзбекистон Республикаси сув хўжалиги вазирлиги