Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ҳудудларда Сенатор хоналари ташкил этилади
2020-02-12 | Жамият
Термизда Президентимизнинг Олий Мажлис Сенатининг биринчи ялпи мажлисидаги нутқи ва Олий Мажлисга Мурожаатномасидан келиб чиқадиган вазифаларнинг ижросига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.
Олий Мажлис Сенати томонидан ташкил этилган тадбирда Сурхондарё вилоятидан сайланган сенаторлар, халқ депутатлари вилоят кенгаши депутатлари, вилоят ҳокимининг тегишли ўринбосарлари, алоқадор идора ва ташкилотлар раҳбарлари ҳамда туман студияларида ҳудудлардан сайланган халқ депутатлари вилоят, Термиз шаҳар ва туман кенгашлари депутатлари, шаҳар ва туманлар ҳокимлари, тегишли ҳоким ўринбосарлари иштирок этди.
Сурхондарё вилояти ҳокими биринчи ўринбосари Р.Пардаев, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатидан Сурхондарё вилоятига бириктирилган сенатор – Сенатнинг бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси раисининг ўринбосари О. Иминов ва бошқалар Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга мурожаатномасида белгилаб берилган вазифалар мамлакатимизни ҳар тарафлама ривожлантиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилаётганини таъкидлади. Шунга мувофиқ ҳудудларда кенг қамровли янгиланиш ва ўзгаришлар юз бераётгани қайд этилди.
Видеоселектор шаклида ташкил этилган йиғилишда Мурожаатномада илгари сурилган муҳим ғояларнинг мазмун-моҳияти слайдлар орқали тушунтирилди.
– Давлатимиз раҳбари Олий Мажлисга мурожаатномасида маҳаллий кенгашлар фаолияти талабга жавоб бермаётгани ва аҳоли муаммоларини ҳал этишда уларнинг ўрни сезилмаётганини алоҳида қайд этиб, бу борада бажарилиши лозим бўлган вазифаларни ҳам белгилаб берди, – дейди Олий Мажлис Сенати аъзоси, Қизириқ туманидаги 17- умумтаълим мактаби директори Б.Бўтаева.– Аслида Сенат ҳам, маҳаллий кенгаш ҳам вакиллик органи саналади. Шу маънода энди бизнинг асосий ишларимиздан бири маҳаллий кенгашлар фаолиятини кучайтиришга кўмаклашиш бўлади. Бунинг учун ҳудудларда барча шароитлар яратилиб, сенаторлар хонаси ташкил этилди.
Мамлакатимизда халқ депутатлари маҳаллий кенгашларнинг обрўини ошириб, нуфузини янада мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Сўнгги уч йилда маҳаллий кенгашларнинг назорат фаолиятини кучайтиришга қаратилган ҳуқуқий асослар яратилиб, ҳоким, ҳоким ўринбосарлари, прокуратура, адлия, ички ишлар, молия, солиқ ва соғлиқни сақлаш идоралари раҳбарларининг ҳисобдорлиги белгилаб қўйилгани ҳам бунга яққол далилдир. Жорий йилдан бошлаб Сенатнинг маҳаллий кенгашлар билан ҳамкорлигини, улар фаолиятига амалий ва услубий кўмак кўрсатиш борасидаги фаолиятини янада кучайтириш учун доимий асосда ишлайдиган сенаторлар маҳаллий кенгашларга бириктирилиб, аҳоли учун энг қулай ҳудудларда сенаторлар ва маҳаллий кенгаш хоналари ташкил этилиб, замонавий усулда жиҳозланди.
– Буларнинг барчаси маҳаллий кенгашларнинг ваколатларини янада кенгайтириш, назорат фаолиятини кучайтириш юзасидан амалга оширилаётган халқчил ислоҳотлар самарасидир, – дейди халқ депутатлари Сурхондарё вилояти кенгаши депутати Р.Авазов. – Илгари шаҳар ва туман сессиялари расмиятчилик учун ўтказилиб, тегишли масалаларни олиб чиқиш ва муҳокама қилишда депутатлар ҳамда доимий комиссияларнинг ўрни умуман сезилмас эди. Маҳаллий кенгашларда бошланган бу ўзгаришлар эндиликда бундай ҳолатларга бутунлай чек қўймоқда. Бугун барпо этилаётган демократик жамият депутатлардан янада ташаббускор ва фидойи бўлишни талаб этаётир.
Йиғилишда фаолияти намунали туман кенгашини ташкил этиш, маҳаллий кенгашлардаги доимий комиссиялар ва депутатларнинг вазифалари ҳақида ҳам атрофлича тушунчалар берилди. Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА
Манба: ЎзА