Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
ССП раиси Германия иқтисодиётининг Марказий Осиёдаги ваколатхонаси раҳбари билан учрашди
2020-02-11 | Иқтисодиёт
11 февраль куни Савдо-саноат палатаси раиси А.Икромовнинг ва Германия иқтисодиётининг Марказий Осиёдаги ваколатхонаси раҳбари Х.Восканян билан учрашув бўлиб ўтди.
Учрашув давомида ССП раҳбари Савдо-саноат палатасининг фаолияти шунингдек, Ўзбекистонда инвестиция муҳитини яхшилаш, иқтисодиётни либераллаштириш, тадбиркорлар ва инвесторларнинг қонуний ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилишни таъминлаш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар тўғрисида маълумот берди.
Германия иқтисодиётининг Марказий Осиёдаги ваколатхонаси раҳбари Х.Восканян Ўзбекистонга ташрифидан кўзланган мақсад - келгуси икки томонлама савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилиш, қўшма тадбирларни, шу жумладан Германия ва Ўзбекистон Республикаси ишбилармон доиралари вакилларининг ташрифини ташкил этиш эканлигини таъкидлади.
Томонлар, шунингдек, савдо-иқтисодий ва сармоявий соҳалардаги икки томонлама ҳамкорликнинг ривожланиш тенденцияларини алоҳида қайд этишди. Таъкидлаш керакки, 2019 йилда ўзаро товар айланмаси ҳажми 980 миллион АҚШ долларини ташкил этди ва бу ўтган йил кўрсаткичларидан 26 фоизга кўпайганини кўрсатади.
Музокаралар чоғида томонлар Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Германияга давлат ташрифи арафасида, 2019 йил 14 январ куни Берлинда бўлиб ўтган Ўзбекистон-Германия бизнес-форуми натижаларини ҳам муҳокама қилдилар.
Бундай ҳамкорлик мамлакатлар ва компаниялар ўртасида икки томонлама муносабатларни ривожлантириш учун янги имкониятлар очиши таъкидланди. Марказий Осиёдаги Германия иқтисодиёти ваколатхонасининг вакили Ўзбекистоннинг улкан иқтисодий салоҳияти икки мамлакат ўртасида яқин алоқаларни ривожлантиришга асос бўлишини таъкидлади. Томонлар ўз навбатида учрашув давомида, Тошкентда Германия иқтисодиёти ваколатхонасини очиш масаласини ҳам муҳокама қилиб, аниқ чора-тадбирларни белгилаб олдилар.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Савдо саноат палатаси