Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Бухоро делегацияси Туркияда расмий сафарда бўлди
2020-02-11 | Иқтисодиёт
Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат Палатасининг Бухоро вилоят ҳудудий бошқармаси ташаббуси билан жорий йилнинг 27 январь ҳамда 3 февраль кунлари қатор тадбиркорлик субъекти ҳамда фермер хўжаликлари раҳбарларидан иборат Бухоро туманининг 22 кишилик делегацияси Туркия давлатининг Истанбул ҳамда Бурса шаҳарларидаги ривожланган саноат ва тўқимачилик корхоналари фаолияти билан яқиндан танишиб, ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида хизмат сафарида бўлиб қайтди.
Делегация аъзолари 29 январь куни Истанбул шаҳрида "Тўқувчилик ва Кийим-кечак Экспорт Қилувчилар Уюшмаси" раҳбари ва аъзолари "ASYA", "SENER", "YILMAZ" компанияларининг раҳбарияти билан учрашиб, “В 2 В” форматидаги музокарани ўтказдилар. Шунингдек, мазкур уюшма таркибига кирувчи "UGUR" ҳамда "MAY" компанияларида бўлиб, ишлаб чиқариш жараёнлари билан яқиндан танишдилар.
Бухоро делегацияси 30-31 январь кунлари Бурса савдо-саноат палатаси меҳмони бўлди. Таъкидлаш керакки, юртимиздан ташриф буюрганларга юқори даражада меҳмоннавозлик кўрсатилгани, транспорт, меҳмонхона, овқатланиш ва бошқа эҳтиёжлар тўлалигича мезбонлар томонидан қоплангини ватандошларимизга, мамлакатимизга билдирилаётган юксак ишонч намунаси, албатта. Бурса шаҳридаги замонавий ишлаб чиқариш объектлари, жумладан, тўқимачилик фабрикалари, интенсив боғлар ҳамда иссиқхоналар фаолияти билан яқиндан танишувлар бизнинг вакилларимизда катта қизиқиш ва рағбат уйғотди. Натижада Бухоро туманидаги "Арбоб Ҳусен Гадой" фермер хўжалиги билан Бурсанинг "S.S.Kestel Sus Bitkileri Ve Meyva" ширкати ўртасида 65 минг АҚШ доллари қийматида 20 минг дона интенсив боғ пакана мева кўчатини харид қилиш юзасидан шартнома имзоланди.
-Делегациямиз аъзолари билан биргаликда 1-2 февраль кунлари Истанбул шаҳрида юқори даражада ташкил қилинган "EMITT 2020" XXIV Шарқий Ўрта Ер денгизи Халқаро сайёҳлик кўргазмасида иштирок этиб, соҳани ривожлантириш бўйича жаҳон тажрибаси билан ҳам яқиндан танишдик,-дейди Бухоро тумани ҳокимининг ўринбосари, инвестициялар ва ташқи савдо бўлими бошлиғи Сухроб Ҳамроев.-Яхши биламизки, Туркия жаҳон туризми марказларидан бири сифатида жуда катта тажрибага эга давлат. Шу нуқтаи назардан, қардош мамлакатнинг бу борадаги ёндашувини атрофлича ўрганиш ва ўзимизда кенг қўллаш юзасидан зарур билим ва тушунчаларни олдик. Умуман, делегациянинг чет элга сафари тиғиз иш тартибида ўтди ва унда келишувга эришилган музокаралар яқин келажакда ўз самарасини беради, албатта.
Манба: Бухоро вилояти ҳокимлиги