Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Солиқ органларида коррупцияга йўл йўқ
2020-02-11 | Жамият
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга Мурожаатномасида коррупция иллатининг олди олинмаса, ҳақиқий ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини яратиб бўлмаслиги, умуман, жамиятнинг бирорта тармоғи ривожланмаслигини таъкидлаган эди.
Шундан келиб чиқиб, давлат солиқ органларида коррупцияга қарши курашишни тарғиб қилувчи тадбирлар ўтказилмоқда. Ана шундай тарғибот тадбирларидан бири Самарқанд вилояти давлат солиқ бошқармасида ўтказилди.
“Солиқ органларида коррупцияга йўл йўқ!” мавзусида бўлиб ўтган мазкур тадбирда тизим ходимларини “ҳалоллик вакцинаси” билан эмлаш борасида қандай ишларни амалга ошириш зарурлиги ҳақида атрофлича фикрлар билдирилди. Давлат солиқ хизмати органларида ушбу иллатга бошловчи салбий омилларнинг олдини олиш борасида ҳаётга татбиқ этилаётган комплекс чора-тадбирлар ҳақида тўхталиб ўтилди.
– Давлат солиқ хизмати органларида коррупциянинг олдини олиш жуда муҳим масала ҳисобланади, – дейди Самарқанд вилояти давлат солиқ бошқармаси ўз хавфсизлиги бўлими ходими Азизжон Толлиев. – Чунки ушбу жиноят солиқлардан қочиш механизмига кенг йўл очиб, хизмат ваколатларини суиистеъмол қилиш ҳолатларига олиб келади.
Вилоят давлат солиқ бошқармаси Ўз хавфсизлиги бўлими ходимлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг ҳар қандай турига қарши курашиш борасида тарғибот тадбирларини тизимли равишда ўтказиб келмоқда. Шаҳар ва туманлар давлат солиқ инспекцияларида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан ҳамкорликда профилактик тадбирлар ташкил этилмоқда. Тарғибот тадбирларида коррупциянинг олдини олишга бағишланган видеофильмлар намойиш қилинмоқда, порахўрликка сабаб бўлувчи омиллар атрофлича таҳлил этилмоқда.
Шу ўринда қайд этиш жоизки, тараққиётга тушов бўладиган коррупцияга қарши курашишга барча бирдек масъул эканини унутмаслиги, ушбу жараёнда жамиятнинг ҳар бир қатлами фаол бўлиши лозим. Зеро, огоҳлик ва ҳалоллик, масъулият ва касбга садоқат ушбу жирканч иллатга қарши курашишда муҳим мезон саналади.
Тадбирда коррупция домига тушганларни қандай аянчли оқибатлар кутаётгани акс эттирилган “Жамият танасидаги қурт” номли видеолавҳа намойиш этилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси