Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Хорижда ишлаш тартиби қандай?
2020-02-11 | Жамият
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг маслаҳатчиси — Хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва халқаро иқтисодий ҳамкорлик масалалари департаментининг мудири Комил Рашидов, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги вакиллари фуқароларни хорижга қонуний ишга йўналтириш, уларни ҳуқуқий ҳимоя қилиш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича мавжуд имконият ва имтиёзлар ҳақида батафсил маълумот берди.
Таъкидланганидек сўнгги йилларда мамлакатимизда ташқи меҳнат миграцияси жараёнларини тартибга солиш, вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун хорижга жўнаб кетаётган фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш, уларга зарур ҳуқуқий, ижтимоий, ахборот-маслаҳат ёрдами кўрсатиш ва моддий қўллаб-қувватлаш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда. 2018 йилда Хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошираётган фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси ташкил этилди.
Бугунги кунда ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари асосан Россия, Қозоғистон, Туркия, Жанубий Корея, Яман, АҚШ, Европа ва Осиё давлатларида қурилиш, транспорт хизматлари, коммунал хизмат, савдо, умумий овқатланиш ва маиший хизмат, қишлоқ хўжалиги, уй хўжалиги, тиббиёт каби соҳаларда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга оширмоқда.
Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Россия, Польша, Туркия, Латвия, БАА, Болгария, Қозоғистон, Кувайт давлатларида Ўзбекистон Республикаси фуқароларини уюшган тартибда меҳнат фаолияти билан таъминлаш билан шуғулланувчи 60 иш берувчи ва рекрутинг агентлиги билан аниқ келишувлар мавжуд. Шунингдек, хусусий бандлик агентликлари томонидан Россия, Туркия, Болгария, Латвия, Литва, БАА, Польша, Япония, Беларусь, Эстония, Хорватия, Қозоғистон, Украина, Чехия, Буюк Британия, Португалия, Греция, Германия, Қатар, Ўмон, АҚШдаги 170 дан ортиқ иш берувчи билан ишга жойлаштириш юзасидан келишувларга эришилган.
Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда хорижий давлатларнинг ташқи меҳнат бозоридаги эҳтиёжларини доимий ўрганиб бормоқда.
Меҳнат ярмаркасида Россия Федерацияси, Польша, Туркия, БАА, Ҳиндистон, Украина, Болгария, Литва, Латвия, Япония ва Венгрия каби давлатлардан 70 дан ортиқ иш берувчининг қурилиш, уй хўжалиги, йўловчи ва юк ташиш хизматлари, мебель ишлаб чиқариш, балиқчилик, паррандачилик, меҳмонхона бизнеси, тиббиёт ҳамда хизмат кўрсатиш ва ишлаб чиқаришнинг бошқа йўналишларидаги 10 мингга яқин бўш иш ўрни тақдим этилди. Шундан хорижда ишлаш истагида бўлган минг нафардан ортиқ фуқаро билан дастлабки келишувларга эришилди.
– Бундай ярмаркаларнинг ўтказилиши, айниқса биз, ёшлар учун муҳим аҳамият касб этади, – дейди талаба Баҳодир Машарипов. – Хорижда меҳнат қилаётган фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси ташкил этилгани эса бу борадаги ҳар қандай муаммонинг олдини олишга хизмат қилади.
Шу куннинг ўзида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашида давлат органлари ва бошқа ташкилотлар масъул ходимлари иштирокида семинар-тренинг ташкил этилиб, тартибли ва хавфсиз ташқи меҳнат миграцияси соҳасида мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ҳақида маълумот берилди.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири маслаҳатчиси – Хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлаш масалалари департаменти мудири К.Рашидов, Ўзбекистон Республикаси бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг биринчи ўринбосари Э.Муҳитдинов Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети талабалари учун “Хорижда ишлаш истагида бўлган фуқароларга ташкиллаштирилган меҳнат миграцияси ва унинг афзалликлари” мавзусида очиқ дарс ўтказди.
Элликқалъа қишлоқ хўжалиги касб-ҳунар коллежида ташкил этилган хорижга ишга кетаётган фуқароларни касбга йўналтириш маркази фаолияти билан танишилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги