Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Тошкентда “Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари тўғрисида"ги қонун қабул қилинганлигининг бир йиллигига бағишланган “давра суҳбати" бўлиб ўтди
2020-02-11 | Жамият
2020 йил 10 февраль куни Тошент давлат юридик университетида “Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари тўғрисида"ги қонун қабул қилинганлигининг бир йиллигига бағишланган “давра суҳбати" бўлиб ўтди.
Вазирлик ва идоралар ҳамда илмий-академик доиралар вакиллари иштирок этган тадбир Ташқи ишлар вазирлиги томонидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси ва ТДЮУ билан биргаликда ташкил этилди.
“Давра суҳбати" иштирокчилари қонун нормаларининг амалда бажарилишининг ҳозирги ҳолатини таҳлил қилдилар, ҳуқуқни қўллаш амалиётидаги долзарб масалалар бўйича фикр алмашдилар ва умуман ушбу йўналишда амалга оширилган ишларни ижобий баҳоладилар.
Қонуннинг тўғридан-тўғри амал қилувчи муҳим норматив-ҳуқуқий ҳужжат сифатида ўз вақтида қабул қилинганлигини қонунни қўллаш амалиёти кўрсатаётганлиги таъкидлаб ўтилди.
Халқаро шартнома лойиҳаларини идоралараро ишлаб чиқиш жараёнидаги талаблар кучайтирилиши ва уларни ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш механизмининг жорий этилиши эса ҳужжатлар сифатини оширишга ҳамда фақатгина амалий аҳамиятга эга бўлган битимлар тузилишини таъминлашга хизмат қилаётганлиги алоҳида эътироф этилди. Бунинг натижасида 2019 йилда имзоланган битимлар сони 2018 йилдагига қараганда 40% дан ортиққа камайганлиги ҳам эслатиб ўтилди.
Шу билан бирга, йиғилиш қатнашчилари ахборот теҳнологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш, Ташқи ишлар ва Адлия вазирликларининг саъй-ҳаракатларни бирлаштириш орқали халқаро шартномаларни ягона тарзда ҳисобга олиш, инвентаризация қилиш ва уларнинг амалга оширилиши юзасидан мониторинг қилишнинг электрон маълумотлар базасини яратиш борасидаги ишлар якунига етказилиши лозимлигини қайд этдилар.
Тадбирда халқаро шартномаларни тайёрлаш ва уларни юридик-техник жиҳатдан расмийлаштириш бўйича Услубий кўрсатмалар лойиҳасининг тақдимоти ҳам бўлиб ўтди.
Ўтказилган “давра суҳбати"нинг якуни бўйича томонлар қонуннинг айрим қоидаларини амалга оширишни такомиллаштириш ҳамда вазирлик ва идораларнинг шартномавий-ҳуқуқий фаолиятини янада яхшилаш юзасидан таклифлар ишлаб чиқдилар.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги