Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон-Европа Иттифоқи: сув ресурсларини барқарор бошқариш бўйича самарали ҳамкорлик
2020-02-10 | Жамият
2020 йил 7 февраль куни пойтахтимиздаги “Hilton Tashkent city” меҳмонхонасида Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилаётган “Ўзбекистон Республикасининг қишлоқ жойларида сув ресурсларини барқарор бошқариш” дастурининг 1-компоненти якунланаётганлиги муносабати билан конференция бўлиб ўтди.
Дастурнинг 1-компоненти Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) томонидан амалга оширилган бўлиб, Сув хўжалиги вазирлиги лойиҳанинг миллий ҳамкори ҳисобланади.
Тадбирда Сув хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари Баҳодир Рўзибоев, Европа Иттифоқининг Ўзбекистон Республикасидаги делегацияси раҳбари Эдуардс Стипрайс, Германия Федератив Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Гюнтер Оверфельд, Германия халқаро ҳамкорлик жамиятининг Марказий Осиёдаги кластери координатори Торстен Брецина ва бошқалар сўзга чиқиб, 1-компонент доирасида бажарилган ишлар, тажриба участкаларида жорий этилган муваффақиятли лойиҳалар, шунингдек, ҳуқуқий, институционал, ташкилий ва молиявий механизмлар ҳамда уларни халқаро стандартларга мослаштириш орқали сув ресурсларини бошқариш бўйича миллий стратегияни янада ривожлантириш ҳақида мулоҳазаларини билдиришди.
Айтиш керакки, дастурнинг Германия халқаро ҳамкорлик жамияти томонидан Сув хўжалиги вазирлиги билан биргаликда амалга оширган 1-компоненти доирасида пилот лойиҳалар учун танланган Андижон, Наманган, Фарғона, Сирдарё, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларидаги ирригация тизимлари ҳавза бошқармаларининг тажриба майдонларига 70 мингдан зиёд мевали дарахт кўчатлари экилди. Барча тажриба майдонларига замонавий томчилатиб суғориш технологияси ва кичик метеостанциялар ўрнатилди.
2018-2019 йилларда ушбу тажриба участкалари жойлашган ирригация тизимлари ҳавза бошқармаларининг ҳар бирига Германия халқаро ҳамкорлик жамияти томонидан биттадан экскаватор, самосвал, мини-трактор, дизелли электр генератори ва насослар тақдим этилди.
2019 йилнинг октябрь ойида 6 дона 20 тонналик юк ташиш машинаси, 6 дона мобил бетон қориш ускунаси ва 6 дона кран манипуляторлар топширилди. Бундан ташқари, Сув хўжалиги вазирлиги тизимидаги “Ботиометрик марказ” давлат унитар корхонасига насос станциялари ва трансформаторлар учун ўлчов ускуналари комплекти ҳамда “Давсувхўжаликназорат” давлат инспекциясига йирик тўғонларда геологик тадқиқотлар олиб бориш учун бир қатор махсус ускуналар ва георадарлар тақдим этилди.
Конференция якунида 1-компонент доирасидаги вазифалар муваффақиятли бажарилганлиги таъкидланди, келгусида сув ресурсларини самарали бошқариш бўйича ҳамкорликни давом эттириш ҳақида фикрлар билдирилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси сув хўжалиги вазирлиги