Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Тошкентда Марказий Осиёда биринчи маротаба Халқаро мусиқа ярмаркаси ўтказилади
2020-02-10 | Маданият
Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2020 йил 24 январь куни Олий Мажлисга йўлланган мурожаатномада белгиланган, илм-маърифат ва маданиятни ривожлантириш, халқаро алоқаларни мустаҳкамлаш каби вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида жорий йилнинг 7 февраль куни “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси директори Одилжон Абдуқаҳҳоров ЮНЕСКО қошидаги Халқаро халқ ижодиёти ташкилотининг Осиё бўйича бош секретари Мооn Hyung Suk билан учрашди.
Учрашувда икки томонлама ҳамкорликни йўлга қўйиш, маданият ва санъат соҳасидаги нуфузли халқаро фестиваль ва танловларда юртимиз ижодкорларининг иштирокини изчил таъминлаш ҳамда уларнинг сара асарларини намойиш этиш, миллий ижодий маҳсулотларимизни кенгроқ тарғиб қилиш каби масалалар муҳокама қилинди.
Учрашув давомида “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси директори Одилжон Абдуқаҳҳоров ҳамда жаноб Мооn Hyung Suk билан икки томонлама ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳамда “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси томонидан жорий йилнинг 4-6 июнь кунлари Тошкентда Марказий Осиёда биринчи маротаба Халқаро мусиқа ярмаркасини ўтказиш режалаштирилди.
Тошкентда ўтказиладиган мазкур Халқаро мусиқа ярмаркасига дунёнинг энг яхши мусиқий продюсерлари ва бошқа мутахассисларни таклиф этиш, халқимизнинг мусиқий мероси намуналари, санъатимизнинг нодир дурдоналарини намойиш этиш каби бир қатор масалалар юзасидан ҳам учрашувда фикр юритилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги