Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигида коррупцияга қарши курашиш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказилди
2020-02-07 | Таълим
Олий ва ўрта махсус таълим вазири И.Мажидов бошчилигида Давлат хавфсизлиги хизмати билан ҳамкорликда олий таълим соҳасида коррупцияга қарши курашиш ва соҳада шаффофликни ошириш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказилди.
Тадбирда, соҳада аниқланган коррупцион ҳаракатлар ҳақида маълумот берилиб, бу каби ҳаракатларнинг олдини олишда амалга оширилиши лозим бўлган ишлар белгилаб олинди.
Хусусан, давлат хавфсизлик хизмати маълумотларига қараганда, 2019 йилнинг ўзида олий таълим тизимида 326 та ноқонуний ҳаракатлар аниқланган бўлиб, уларнинг 317 таси айнан коррупция билан боғлиқ ва уларнинг аксарияти талабаларни ўқишга қабул қилиш жараёнида амалга оширилган.
Бу каби ноқонуний ҳаракатлар олий таълим муассасалари битирувчилари сони ва уларга берилган дипломлар миқдоридаги номутаносибликда ҳам аниқланган. Мазкур ҳолатлар юзасидан бугунги кунда 420 та иш бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Тадбир давомида, олий таълим тизимидаги коррупцион ҳолатлар талабаларни ўқишга қабул қилиш, ўқишни кўчириш, бакалавр ва магистрлик дипломлари ва илмий даража бериш ва ОТМларга ишга қабул қилишда кузатилаётгани айтилди.
Йиғилиш якунида олий ва ўрта махсус таълим вазири тизимда коррупцион ҳолатларга тоқат қилиш мумкин эмаслиги ва бу каби ноқонуний ҳаракатларга аралашаётган ҳар қандай ходим тизимдан қатъий равишда четлаштирилишини таъкидлади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги