Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Жаҳон банки билан ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда
2020-02-07 | Иқтисодиёт
2020 йил 6 февраль куни Олий Мажлис Сенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалар қўмитаси раиси ўринбосари Одилжон Иминовнинг Жаҳон банки молия бошқаруви бўйича етакчи иқтисодчиси Арман Ватян бошчилигидаги делегация билан учрашуви бўлиб ўтди.
Унда мамлакатимизда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар ва бу жараёнда Жаҳон банки билан олиб борилаётган ҳамкорлик хусусида батафсил сўз юритилди.
Жаҳон банкининг “Институционал салоҳиятни ривожлантириш” лойиҳасини амалга ошириш жараёнини расман бошлаш мақсадида ташкил этилган мазкур учрашувда Ўзбекистонда ислоҳотлар натижасида Сенатнинг ўрни юксалиб, унинг аҳоли турмуш фаровонлигини оширишдаги масъулияти ошиб борганлиги таъкидлаб ўтилди. Бу эса, Жаҳон банки лойиҳаси мақсади ва мазмуни билан ҳамоҳанг эканлиги қайд этилди.
Нуфузли халқаро молия муассасаси кўмагида рўёбга чиқарилаётган ушбу лойиҳа иқтисодий ислоҳотлар, хусусан давлат молиясини бошқариш, бюджетнома тайёрлаш, ғазначилик фаолиятини такомиллаштиришга хизмат қилиши эътироф этилди. Шунингдек, унинг доирасида молиявий ҳисоботлар тизимини ва ички давлат назорати механизмларини халқаро стандартларга мослаштириш, давлат корхоналарини ислоҳ қилиш каби йўналишларда ҳам амалий натижаларга эришилиши айтиб ўтилди.
Томонлар лойиҳа доирасида давлат бюджетини бошқариш, натижага йўналтирилган бюджет ишлаб чиқиш каби йўналишларда қатор вазирликларда тадқиқот ўтказиш бўйича услубий қўлланмалар тайёрлаш, Молия вазирлиги фаолиятини илғор тажриба асосида такомиллаштириш орқали интеграциялашган ахборот тизимини яратиш каби ҳамкорлик йўналишидаги масалаларни ҳам батафсил муҳокама қилдилар.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати