Термизда Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлиги учун сайловлар якунларига бағишланган давра суҳбати ўтказилди.
Мамлакатимизда илк марта янги қабул қилинган Сайлов кодекси асосида “Янги Ўзбекистон, янги сайловлар” шиори остида ташкил этилган муҳим сиёсий жараён иштирокчилари қатнашган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси аъзоси С.Қурбонқулов ва бошқалар сайловларнинг умумэътироф этилган халқаро стандартлар, принциплар асосида демократик, очиқ-ошкора ўтганини, депутатлик ўринлари учун бешта партия томонидан номзодлар илгари сурилганини, сайловчилар билан ягона электрон рўйхатга мувофиқ ишлаш тизими жорий этилганини алоҳида таъкидлади. Бу жараёнларга халқаро кузатувчиларнинг холисона баҳо бергани Ўзбекистоннинг дунё миқёсида обрў-эътибори ва нуфузини оширишга хизмат қилгани қайд этилди.
Сурхондарё вилоятида сайловларни юқори савияда ташкил этиш учун Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайлов ўтказувчи 11, халқ депутатлари вилоят Кенгашига сайлов ўтказувчи 60, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов ўтказувчи 409 сайлов округи ҳамда 785 участка сайлов комиссияси ташкил этилиб, фаолияти йўлга қўйилди. Мазкур комиссияларнинг аъзолари Сайлов кодексида белгиланган муддатларда жойларда сайлов қонунчилигининг бир хил қўлланилишини таъминлаш, сайловни юқори савияда ташкил этиш ва ўтказиш бўйича зарур чора-тадбирларни белгилаб олгани ўз самарасини берди.
Давра суҳбатида сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишда эришилган ютуқлар, камчиликлар, дуч келинган муаммолар чуқур таҳлил қилиниб, келгуси сайловларни янада самарали ташкил этиш, бунинг учун сайловлар оралиғида аҳолининг ҳуқуқий билим ва маданиятини ошириб бориш юзасидан фикр алмашилди. Мавжуд муаммоларни бартараф этиш юзасидан таклиф ва тавсиялар билдирилди.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА
Манба: ЎзА