Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Углеводородлар қазиб олиш ҳажмини ошириш бўйича вазифалар белгиланди
2020-02-06 | Сиёсат
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 6 февраль куни нефть-газ саноатидаги ишлар натижадорлиги, табиий газ ва суюқ углеводородлар қазиб олиш ҳажмини ошириш бўйича жорий йилги вазифалар муҳокамасига бағишланган йиғилиш ўтказди.
Нефть-газ саноати аҳоли ва иқтисодиёт тармоқлари учун энергия манбаи, кўплаб маҳсулотлар учун хомашё етказиб берадиган муҳим соҳадир. Шу боис энергетика, нефть-газ, геология йўналишларида чуқур таркибий ислоҳотлар, рақобатдошликни кучайтиришга қаратилган дастурлар амалга оширилмоқда.
“Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти бошқарув тизими такомиллаштирилди, унинг таркибида бўлган “Ўзтрансгаз” ва “Ҳудудгазтаъминот” акциядорлик жамиятлари алоҳида тузилма сифатида қайта ташкил этилди.
Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 18 ноябрдаги “Нефть ва газ геология-қидирув ишларини ташкил этиш ва олиб бориш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, янги конларни аниқлаш, углеводород хомашёси захираларини ривожлантиришнинг барча ташкилий-молиявий жиҳатлари белгилаб берилган эди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга жорий йил 24 январдаги Мурожаатномасида хорижий экспертларни нефть-газ соҳасидаги давлат корхоналарини бошқаришга жалб этиб, уларнинг самарадорлигини ошириш ва харажатларини оптималлаштириш, қарз миқдорини камайтиришга эришиш лозимлигини таъкидлаган эди. Янгидан тасдиқланган ҳукумат олдига шу борада устувор вазифалар қўйилди.
Йиғилишда нефть-газ соҳасида жорий йилда амалга оширилиши лозим бўлган долзарб чора-тадбирлар муҳокама қилинди.
Яратилган шароитларга қарамай, тизимли муаммолар барҳам топмаётгани, бошқа тармоқлар ривожига ҳам салбий таъсир кўрсатаётгани таъкидлаб ўтилди.
– Бир нарсани ҳаммамиз тушуниб олишимиз лозим. Биз соҳадаги камчиликлар тўғрисида ўтган йили кўп гапирдик. Лекин, энди жойларда ишларни амалга оширишга ўтишимиз керак. Ё биз ҳозир нефть-газ раҳбариятига ёрдам бериб, тармоқни ботқоқликдан олиб чиқамиз, ёки у иқтисодиётимиз оёғига кишан бўлиб, ўзимиз олдимизга қўйган иқтисодий ўсиш режаларига эришишни барбод қилади, – деди Президент.
Корхоналарни модернизация қилиш ишлари етарли эмаслиги, газ етказиб беришда йўқотиш кўплиги ҳамда узилишларга йўл қўйилаётганлиги кўрсатиб ўтилди.
Энергетика вазирлигига жорий йилда иқтисодиёт тармоқлари ва аҳолига ёқилғи маҳсулотларини барқарор етказиб бериш учун 2019 йилгига нисбатан 4,3 миллиард куб метр кўп табиий газ қазиб олиш вазифаси қўйилди. Ишлаб чиқариш ва истеъмолчиларга етказиб бериш оралиғидаги технологик сарф ва йўқотишларни камайтириш бўйича кўрсатмалар берилди.
Нефть-газ соҳасини ислоҳ қилиш бўйича “лойиҳа офиси”га илғор халқаро консалтинг компанияларини жалб қилиш, корхоналарда раҳбар ходимларнинг маошини фаолият самарадорлигини баҳолаш кўрсаткичларига (KPI) боғлаш зарурлиги таъкидланди. Соҳадаги барча корхоналарда коррупцияга қарши курашиш бўйича “комплаенс назорат” тизими жорий этилиши белгиланди.
“Ўзбекнефтгаз” компаниясига ҳар бир коннинг ҳолатини танқидий таҳлил қилиб, табиий газ қазиб чиқариш ҳажмини ошириш вазифаси қўйилди.
Аҳолининг суюлтирилган газга бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида пропан-бутан аралашмасини ажратиб олиш қурилмасини барпо этиш ва модернизация қилиш бўйича 3 та лойиҳани якунлаш лозимлиги қайд этилди.
Шўртан газ-кимё мажмуасида синтетик суюқ ёқилғи (GTL) ишлаб чиқариш заводи қурилишининг бориши кўриб чиқилди. Соҳа корхоналарида “рақамли кон”, хўжалик бошқаруви ва ресурсларнинг автоматлаштирилган ҳисобини юритиш дастурларини (ERP) жорий этиш бўйича топшириқлар берилди.
“Ўзтрансгаз” ва “Ҳудудгазтаъминот” акциядорлик жамиятларига жорий йил июль ойига қадар 2,5 мингта йирик истеъмолчини табиий газ ҳисобини юритишнинг онлайн тизимига улаш вазифаси юклатилди. Табиий газни назорат қилиш ва ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш доирасида камида 2 миллион истеъмолчига замонавий электрон газ ҳисоблагичлар ўрнатиш зарурлиги қайд этилди.
Йиғилишда муҳокама қилинган чора-тадбирларни жадаллаштириш бўйича масъуллар белгиланди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти