Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Халқ таълими тизимида меҳнат интизоми ва иш вақти режимига қатъий амал қилиниши белгилаб қўйилди
2020-02-06 | Таълим
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазири 2020 йилнинг 31 январь куни “Халқ таълими тизимида меҳнат интизоми ва ходимларнинг меҳнат қилиш ҳуқуқини амалга ошириш кафолатларига қатъий риоя қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги буйруғини имзолади.
Буйруқда Халқ таълими вазирлиги марказий аппарати, унинг тизимидаги барча ташкилот ва муассасаларда белгиланган иш вақти режимига қатъий амал қилиниши белгиланди.
Шунингдек, ҳафтанинг душанба кунига белгиланган йиғилиш ва барча мажлислар бошқа иш кунларига кўчирилиши бўйича топшириқ берилди.
Вазирликнинг барча таркибий бўлинма бошлиқлари, ҳудудий бошқармалар ҳамда вазирлик тасарруфидаги Республика ташкилотлари ва муассасалари раҳбарларига қонунчиликда белгиланган иш вақти доирасида ходимларнинг меҳнат фаолияти назорати ва юқори меҳнат унумдорлигини таъминлаш бўйича вазифалар топширилди.
Дам олиш ва байрам кунларида ходимларнинг юқори турувчи органлар, бошқа давлат идоралари ва ташкилотлари биносига фақат мазкур идора раҳбариятининг ёзма рухсати билан кириш тартиби белгиланди. Ходимларни ишдан ташқари вақтда, айниқса, шанба ва якшанба кунлари асоссиз равишда меҳнатга жалб этилмаслик бўйича топшириқ берилди.
Эндиликда ходимларни дам олиш вақтида ишга жалб этишга фақат алоҳида ҳолларда иш берувчининг қарори билан йўл қўйилади. Меҳнат кодексининг 157-моддасига мувофиқ иш вақтидан ташқари, дам олиш ва байрам кунларидаги ишлар учун камида икки ҳисса миқдорида ҳақ тўланиши ёки ходимнинг хоҳишига қараб бошқа дам олиш куни берилиши шартлиги ҳақидаги қонун талабларига қатъий амал қилинади.
Ходимларга меҳнат таътилларини ўз вақтида бериш ва шу вақт давомида уларнинг саломатлигини тиклаш учун касаба уюшмалари орқали амалий ёрдам кўрсатилади.
Қонун талаблари асоссиз равишда бузилган ҳолларда ходимга тўланадиган қўшимча иш ҳақи ва бошқа харажатлар айбдор раҳбарлар ҳисобидан тўланиши белгиланди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги