Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Конрафакт маҳсулотлар айланмасига қарши кураш
2020-02-06 | Жамият
Контрафакт - франсузча сўз бўлиб, муаллифлик ҳуқуқини бузиш, деган маънони англатади. У мамлакат ҳудудида ҳуқуқий муҳофазаси таъминланган ихтиро, фойдали модел ёки саноат намунаси қўлланган ҳолда ҳуқуқ эгасининг рухсатисиз тайёрланган, сотишга таклиф этилган, сотилган ва муомалага киритилган маҳсулотлар ҳисобланади. Шунингдек, муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқларни бузган ҳолда такрорланган ёки тарқатилган асарлар ҳамда турдош ҳуқуқлар объектларининг нусхаларини ҳам шулар жумласига киритиш мумкин.
Афсуски, кейинги пайтларда дунё бозорида фармацевтика, озиқ-овқат саноати ва бошқа тармоқларда ишлаб чиқарилган қалбаки маҳсулотларни кўплаб учратиш мумкин. Бундай товарлар интеллектуал мулк ҳуқуқи бузилган ҳолда тайёрланиб, муомалага чиқарилмоқда.
Айни пайтда дунё бўйича ЭҲМ учун яратилган дастурлар, Интернетдаги ахборот ва маҳсулотлар, жумладан, CD ва DVD дискларнинг - 70-80 фоизи, алкогол, кийим-кечак, поябзал буюмларининг - 30-40 фоизи, чой, кофе, тайёр озиқ-овқат маҳсулотларининг - 30 фоизи, енгил саноат товарларининг - 25 фоизи, дори-дармонлар ва парфюмерия маҳсулотларининг - 10-15 фоизи ва тамаки маҳсулотларининг эса 1-2 фоизи қалбакилаштириляпти.
Интеллектуал мулк агентлиги ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан ҳамкорликда мамлакатимизга контрафакт маҳсулотларининг ноқонуний олиб кирилиши ва муомаласига чек қўйиш мақсадида доимий равишда тадбирларни амалга ошириб келмоқда. Натижада қалбаки товар ва маҳсулотлар сотилишининг олди олиняпти.
Хусусан, Агентлик томонидан мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда ҳисобот йилида амалга оширилган ишларини таҳлил қиладиган бўлсак, 2019 йилнинг июл-декабр ойлари давомида ўтказилган кузатишлар натижасида республика миқёсида 132 та (2019 йилнинг дастлабки 4 ойида эса - 158 та) ҳолатда муаллифлик ҳамда турдош ҳуқуқ эгаларининг ҳуқуқлари бошқа шахслар томонидан бузиб келинганлиги, уларнинг ижодий фаолият натижалари ҳеч қандай лицензияларсиз реализация қилинганлиги аниқланди.
Маълумот учун: 2019 йилнинг иккинчи ярим йиллиги давомида Тошкент шаҳри, Қашқадарё вилояти ва Қорақалпоғистон Республикасида контрафакт аудиовизуал нолицензион маҳсулотлар савдоси ўсиши қайд этилган.
Идоралараро ишчи гуруҳ азолари томонидан тасдиқланган Режа-жадвалга мувофиқ Тошкент шаҳри ҳудудида май ва июн ойларида кузатишлар жараёнида контрафакт фонограммалар ва аудиовизуал маҳсулотлар (DVD, CD дисклар)нинг ноқонуний савдоси амалга оширилаётганлиги ва компютер хотирасидаги фонограмма ва аудиовизуал асарларнинг ноқонуний равишда лицензиясиз флешка ва дискларга ёзиб берилаётганлиги бўйича 27 та ҳолат кузатилди. Аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари бўйича маълумотнома ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасига чора кўриш учун юборилди.
Ишчи гуруҳи томонидан 22-23 июл кунлари Тошкент шаҳрининг Чилонзор, Миробод, Яшнобод, Шайхонтоҳур ва Юнусобод туманларида жойлашган бозорлар, савдо ва хизмат кўрсатиш комплекслари ва уларга туташ ҳудудларда ўтказилган ўрганишлар натижасида тадбиркорлик фаолиятини юритишнинг ўрнатилган тартибларини бузган ҳолда аудиовизуал асарлар, фонограммалар ва ЭҲМ учун яратилган дастурларнинг ноқонуний савдоси билан шуғулланиш билан боғлиқ 31 та қонун бузилиш ҳолатлари кузатилди.
2019 йилнинг 15 сентябридан 15 октябрига қадар Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Андижон, Наманган вилояти ҳудудларида контрафакт фонограммалар ва аудиовизуал маҳсулотларнинг (DVD/CD дисклар) ноқонуний савдоси амалга оширилаётганлиги ҳамда компютер хотирасидаги фонограмма ва аудиовизуал асарларнинг ноқонуний равишда лицензия ҳужжатлари мавжуд бўлмаган ҳолда электрон ахборот ташувчи жисмларга (флешка, DVD/CD дисклар) ёзиб бериш билан боғлиқ 15 та қонун бузилиш ҳолатлари кузатилди.
2019 йилнинг декабр ойи давомида Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятлари ҳудудларида контрафакт фонограммалар ва аудиовизуал маҳсулотларнинг (DVD/CD дисклар) ноқонуний савдоси амалга оширилаётганлиги ҳамда компютер хотирасидаги фонограмма ва аудиовизуал асарларнинг ноқонуний равишда лицензия ҳужжатлари мавжуд бўлмаган ҳолда электрон ахборот ташувчи жисмларга (флешка, DVD/CD дисклар) ёзиб бериш билан боғлиқ 70 дан ортиқ қонун бузилиш ҳолатлари кузатилди. Кузатилган қонунбузилиш ҳолатларининг барчаси бўйича маълумотнома ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасига чора кўриш учун юборилди.
2019 йил давомида Интеллектуал мулк агентлиги томонидан ўтказилган кузатувлар натижасида аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари ҳақидаги маълумотларга асосан ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан жами 398 та қонун бузилиш ҳолатлари аниқланиб, шулардан 484.3 млн. сўмлик аудиовизуал дисклар ашёвий далил сифатида олиб қўйилди.
Контрафакт маҳсулотларга қарши кураш маълум даражада ўз самарасини бериши мумкин. Бироқ аҳолининг ҳуқуқий маданияти, интеллектуал мулкка ҳурматини шакллантирмасдан кўзланган мақсадга эришиб бўлмайди. Бунинг учун фуқароларнинг ёшлигидан бошлаб, соғлиққа зарар етказувчи ҳамда сифациз маҳсулотни харид қилмасликка ўргатиш, бозор рақобатида тадбиркорга тенг шароит яратиб бериш, мутасадди давлат назорат органлари билан ҳамкорликда иқтисодиётимизга путур етказадиган, қонун талабларига бўйсунмайдиган «учар» савдогарларга қарши қатъий кураш олиб бориш талаб этилади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлиги