Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Рақамли иқтисодиёт имкониятлари амалда

2020-02-06 | Иқтисодиёт

Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги “Янги технологиялар” илмий-ахборот маркази томонидан Тошкент шаҳар ва туман ҳокимликлари билан биргаликда хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятига татбиқ этилаётган янги тизимларнинг ишлаш жараёнига бағишланган семинарлар ташкил этилмоқда.

Унда хўжалик юритувчи субъектлар вакилларига электрон ҳисобварақ-фактуралар (ЭҲФ) ҳамда онлайн назорат-касса машиналари (онлайн-НКМ) ёки виртуал кассалари ҳақида батафсил тушунчалар бериляпти.

Шу кунга қадар бундай тадбирлар Юнусобод, Учтепа, Чилонзор, Сергели, Бектемир, Яшнабод, Мирзо Улуғбек, Олмазор, Шайхонтоҳур, Яккасарой ва Миробод туманларида бўлиб ўтди. Семинарларда дастлаб ЭҲФ тизими ҳақида сўз юритилди.

– Электрон ҳужжатни тизим максимал даражада серверларда хавфсиз сақлайди, – дейди “Янги технологиялар” илмий-ахборот маркази мутахассиси Нодир Муҳаммадов. – Уларни шакллантириш ва ҳатто энг узоқ ҳамкорларга юбориш учун бир неча дақиқа кифоя. Шунингдек, ортиқча қоғозбозлик ва харажатларни камайтиради. Бухгалтерия ҳисобининг бирламчи ҳужжатлари ва солиқ ҳисоботларини тайёрлаш жараёнини соддалаштиради.

Ҳа, ЭҲФ билан ҳужжат айланиши оддий, тез, осон ва қулай. Демак, рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йўлидан дадил бораётган мамлакатимиз ва унинг келажаги учун ушбу тизимнинг нечоғлик  аҳамиятли эканини изоҳлашга ҳожат йўқ.

– Иштирокчилар томонидан  юбориладиган ҳисобварақ-фактуралар нега пуллик бўлиши керак, деган савол кўп берилди, – дейди Н.Муҳаммадов. – Гап шундаки, корхоналар бухгалтерия ҳисобини юритишда, ҳисобварақ-фактура шакллантиришда ҳар хил дастури ёки тизимлардан фойдаланади. Оператор тизими билан ихтиёрий биллинг тизимларини интеграция қилиш мумкин. Ахборот воситачиси – операторлар эса ушбу тизимлардаги ЭҲФни ахборот тизимига интеграция қилади, хавфсиз серверларда 5 йил давомида сақлайди. Ҳужжат роуминг операторига (ДСҚ базасига) ўрнатилган шаклда келиб тушишини таъминлайди. Шу хизматлари учун қисман пуллик тўлов олинади. Бу қоғоз шаклидаги ҳисобварақ-фактурага нисбатан 5-10 баробар кам харажат дегани.

Семинарлар давомида онлайн-НКМ ёки виртуал кассанинг қай тартибда татбиқ этилиши ва унинг афзалликлари ҳақида ҳам батафсил тушунчалар берилди.

Онлайн-НКМ ёки виртуал кассанинг афзаллиги шундаки, давлат солиқ хизмати органлари реал вақт режимида реализация қилинган товарлар ёки хизматлар номи, миқдори, ҚҚС ставкаси, суммаси тўғрисидаги маълумотларни олиш имконига эга бўлади. Харидорлар мобиль қурилма ёрдамида QR-коди орқали онлайн назорат-касса машинаси ёки виртуал касса тақдим этган чекнинг ҳақиқийлигини текшира олади. Сотиб олиш ҳақидаги барча маълумотлар ДСҚ маълумотлар базасида, шунингдек, харидорнинг мобиль телефонида сақланади.

Тадбиркорлик субъектлари вакилларига онлайн-НКМ ёки виртуал кассани қўллашда бериладиган имтиёзлар ҳақида ҳам тушунчалар берилди.

Хусусан, ушбу тизимни фаолиятига жорий этганларга виртуал касса дастурий маҳсулотининг базавий қисми ДСҚ томонидан бепул берилади. Пластик карта ёки чегирма карталарига ўтказилган бонуслар (cashback) даромад солиғи базаси сифатида қаралмайди. Кунлик ўртача нақд пул тушуми миқдоридан қатъи назар, нақд пулни банк кассаларига инкассация хизматлари орқали тадбиркорлик субъектлари ўзлари белгилаган даврларда ёки мустақил равишда топшириш ҳуқуқига эга бўлади. Тадбиркорлик субъектлари учун 2021 йил 1 январга қадар онлайн-НКМни жорий этиш билан боғлиқ ҳаражатлари уларнинг кейинги солиқ тўлови ҳисобидан базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баробаригача камайтирилади.

Учрашувларда онлайн назорат касса машинаси ёки виртуал кассаларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартиблари, уларга техник хизмат кўрсатиш марказлари каби муҳим масалалар хусусида ҳам атрофлича сўз юритилди.

Маълумот ўрнида: Тадбиркорлик субъектлари ЭҲФ ҳужжат айланиш тизимига доир тўлиқ маълумот билан “Янги технологиялар” илмий-ахборот марказининг www.rouming.uz, онлайн-НКМ ёки виртуал кассанинг қўлланилиши бўйича эса www.ofd.uz сайтлари орқали яқиндан танишиши мумкин. Мазкур тизимлар билан боғлиқ саволларни Марказнинг info@rouming.uz ёки https://rouming.uz/contacts  электрон манзилларига йўллаш имкони ҳам мавжуд. Уларга Марказ мутахассислари томонидан аниқ ва батафсил жавоб қайтарилади.

Манба: Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси

Поделиться