Буюк Британия инвесторларининг Ўзбекистонда амалга оширилаётган истиқболли лойиҳаларга қизиқиши ортмоқда
Энергетика вазири Алишер Султонов Буюк Британиянинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Тимоти Торлот бошчилигидаги делегация билан учрашди.
Унда икки томон ўртасидаги ҳамкорликлар, хусусан, Британия компаниялари ва ташкилотлари иштирокида нефть-газ соҳасида амалга оширилаётган лойиҳалар ҳақида сўз юритилди.
Эътиборли жиҳати, учрашувда Буюк Британия дипломатик ваколатхонаси вакиллари ушбу мамлакат инвесторларининг Ўзбекистонда амалга оширилаётган истиқболли лойиҳаларга қизиқиши ортиб бораётганини таъкидлади.
Энергетика вазирлиги матбуот хизмати маълумотига кўра, томонлар “British Petroleum” (Буюк Британия) ва “SOCAR” (Озарбайжон) компаниялари билан ҳамкорликда Ўзбекистондаги инвестиция блокларида (Оролбўйи, Самск-Косбулакск ва Бойтерак) геология-қидирув ишларини ўтказиш имкониятларини ўрганмоқда.
Мазкур ҳамкорлик доирасида 2018 йилнинг май ойида ўзаро англашув меморандуми ва 2019 йилнинг май ойида – Устюрт ҳудудидаги учта инвестиция блокидаги қидирув салоҳиятини баҳолаш бўйича қўшма тадқиқотлар ўтказиш тўғрисида битим имзоланган эди. Ўтган вақт ичида Энергетика вазирлиги, “Ўзбекнефтгаз” АЖ, BP ва “SOCAR” компаниялари мутахассислари иштирокида бир қатор учрашувлар ўтказилиб, бир қанча келишувларга эришилди.
Жорий йилнинг февраль ойида эса BP ва “SOCAR” мутахассислари мамлакатимизга ташриф буюриб, келишувнинг асосий шартларини муҳокама этиши кутилмоқда.
Шунингдек, учрашув якунида ўзаро ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари ҳам муҳокама қилинди.
Манба: ЎзА