Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Рақс санъати соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш ва илмий салоҳиятни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида
2020-02-05 | Ҳужжатлар
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
Кейинги йилларда мамлакатимизда қадимий ва бой маданий меросимиз, миллий ўзлигимиз, бетакрор қадрият ва анъаналаримиз, маданият ва санъатимизни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Халқимизнинг маънавий савияси ва эстетик тарбиясини юксалтиришда муҳим аҳамиятга эга бўлган рақс санъатини ҳар томонлама ривожлантириш, ёш авлодни миллий ва жаҳон рақс санъатининг намуналаридан кенг баҳраманд этишни замоннинг ўзи талаб этмоқда.
Рақс санъати соҳасида “устоз-шогирд” анъаналарига асосланган рақс мактабларини яратиш, халқаро стандартларга мувофиқ юқори малакали мутахассислар ва кадрларни тайёрлаш, илмий салоҳиятдан самарали фойдаланган ҳолда илм-фанни жадал ривожлантириш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Халқ таълими вазирлигининг:
Тошкент давлат миллий рақс ва хореография олий мактаби негизида давлат олий таълим муассасаси шаклида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги тизимида Ўзбекистон давлат хореография академиясини (кейинги ўринларда – Академия) ташкил этиш;
Тошкент давлат миллий рақс ва хореография олий мактаби тизимидаги Республика хореографияга ихтисослаштирилган мактабини Академия тизимидаги юридик шахс мақомига эга бўлган Республика хореографияга ихтисослаштирилган мактаб-интернатга айлантириш;
2021/2022 ўқув йилидан бошлаб Бухоро, Қарши, Наманган ва Урганч шаҳарларида Академия ҳузурида ихтисослаштирилган бошланғич рақс санъати мактаб-интернатларини ташкил этиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.
2. Қуйидагилар белгилансин:
а) Академиянинг асосий вазифалари этиб:
кадрлар тайёрлаш жараёнига соҳанинг етук ва малакали мутахассисларини жалб қилиш орқали илм-фан ва таълимнинг ўзаро интеграциясини таъминлаш;
рақс санъати бўйича юқори малакали бакалавр ва магистрларни, шунингдек, ушбу соҳада чуқур тадқиқотлар олиб борувчи илмий ва илмий-педагог кадрларни тайёрлаш;
илмий тадқиқотлар натижалари бўйича маънавий-маърифий ва илмий-оммабоп адабиётларни тайёрлаш ва нашр қилиш;
талаба-ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида маҳаллий ва халқаро грантлар асосида уларнинг хорижда таълим олиши, илмий-ижодий ишлар олиб боришини самарали йўлга қўйиш, ҳамкорликдаги концерт дастурларини ташкил этиш;
кадрлар илмий салоҳиятини ошириш, илмий-ижодий фаолиятни янада ривожлантириш, унинг самарадорлиги ва натижадорлигини ошириш, иқтидорли талаба-ёшларни ушбу йўналишга кенг жалб этиш;
соҳа мутахассисларини хорижий турдош олий таълим муассасаларида қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, шунингдек, стажировка ўташ тизимини ташкил этиш;
талабаларнинг илмий-тадқиқот муассасалари базаларида ҳамда хорижий мамлакатларнинг етакчи ташкилотларида тизимли равишда қисқа ва узоқ муддатли амалиётларни ташкил этиш;
б) Республика хореографияга ихтисослаштирилган мактаб-интернати ва ихтисослаштирилган бошланғич рақс санъати мактаб-интернатининг (кейинги ўринларда – мактаб-интернатлар) асосий вазифалари этиб:
ўқитишнинг замонавий ва илғор услубларидан кенг фойдаланиш, ўқувчилар иқтидорини ҳар томонлама ривожлантириш;
рақс санъатига иқтидори бўлган ёшларни жойларда саралаб олиш, уларни касбга йўналтириш ва хореография таълими соҳасида узвийликни таъминлаш;
таълим жараёнига замонавий педагогик ва инновацион технологияларни, маданият ва санъат соҳасида илм-фан бўйича эришилган илғор ютуқларни татбиқ этиш;
ўқувчиларни келгусида рақс йўналишидаги олий таълим муассасасида ўқишини давом эттириши ёки меҳнат фаолияти билан шуғулланиши учун ихтисослик фанларидан чуқурлаштирилган ва касбга йўналтирган ҳолда сифатли ўқитиш;
ўқитиш жараёнига етук ва малакали рақс санъати мутахассисларини жалб қилиш ва уларнинг самарали меҳнат фаолияти олиб боришлари учун зарур шарт-шароитларни яратиш.
3. Белгилаб қўйилсинки:
а) Академия Тошкент давлат миллий рақс ва хореография олий мактабининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва шартномалари, шу жумладан, халқаро шартномалари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади;
б) мактаб-интернатлар Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Ғазначилигида шахсий ғазна ҳисобрақамига, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи ёзилган муҳр, штамп ва бланкага эга бўлади;
в) ихтисослаштирилган бошланғич рақс санъати мактаб-интернатларда таълим 1-4-синфларда, Республика хореографияга ихтисослаштирилган мактаб-интернатда 1-11-синфларда олиб борилади;
г) ўқишга қабул ихтисослаштирилган бошланғич рақс санъати мактаб-интернатларга 1-синфдан, Республика хореографияга ихтисослаштирилган мактаб-интернатга 1 ва 5-синфлардан амалга оширилади.
4. Ўзбекистон давлат хореография академияси, Республика хореографияга ихтисослаштирилган мактаб-интернати, ихтисослаштирилган бошланғич рақс санъати мактаб-интернатлари фаолиятини ташкил этиш ва ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар дастури 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
5. Қуйидагилар Академия ва мактаб-интернатларнинг фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб ҳисоблансин:
а) Академияда:
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;
Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан ўтказиладиган танлов натижалари бўйича ажратиладиган грантлар;
тўлов-контракт асосида ўқитишдан тушадиган маблағлар;
шартнома асосида хизматлар кўрсатишдан тушадиган тушумлар;
жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;
халқаро молия институтларининг грантлари;
қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар;
б) мактаб-интернатларда:
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;
шартнома асосида хизматлар кўрсатишдан тушадиган тушумлар;
жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;
халқаро молия институтларининг грантлари;
қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.
6. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Халқ таълими вазирлиги билан биргаликда 2020 йил 1 мартга қадар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 5 та ташаббусини Академия ва мактаб-интернатларда амалга ошириш тартиби ва чора-тадбирлар комплексини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.
Талаба ва ўқувчилар билан мунтазам асосда фаол мулоқот олиб бориш, уларнинг талаб ва эҳтиёжларини тизимли равишда ўрганиш, талаба-ёшларнинг ўқув ва маънавий ҳаётидаги муаммоли масалаларни бартараф этиш бўйича аниқ чоралар кўриш Академия ва мактаб-интернатлар барча раҳбарларининг, профессор-ўқитувчилар таркибининг устувор вазифаси этиб белгилансин.
7. Тошкент шаҳар ҳокимлиги Тошкент вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги билан биргаликда Академия ва мактаб-интернатларнинг профессор-ўқитувчилари, талабалари ва ўқувчилари ижодий фаоллигини янада ошириш, таътил давомида уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил қилиш мақсадида Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида замон талаблари асосида 50 ўринли оромгоҳ ташкил қилсин ва унинг биносини 2021 йил 1 июлга қадар фойдаланишга топшириш чораларини кўрсин.
Оромгоҳда амалга ошириладиган қурилиш-монтаж ва жиҳозлаш ишлари бўйича:
а) Тошкент шаҳар ҳокимлигининг “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси – буюртмачи этиб белгилансин;
б) бош лойиҳа ва бош пудратчи ташкилотлар белгиланган тартибда тендер (танлов) савдолари натижасида аниқлансин;
в) молиялаштириш манбалари этиб қуйидагилар белгилансин:
Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетининг қўшимча даромадлари;
жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;
қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.
8. Бухоро, Қашқадарё, Наманган ва Хоразм вилояти ҳокимиятлари Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ва Молия вазирлиги билан келишган ҳолда 2021 йил 1 августга қадар ихтисослаштирилган бошланғич рақс санъати мактаб-интернатлари биноларини тўлиқ реконструкция қилиш ва жиҳозлаш чораларини кўрсин.
Ихтисослаштирилган бошланғич рақс санъати мактаб-интернатлари биноларини реконструкция қилиш ва жиҳозлаш ишларининг молиялаштириш манбалари этиб қуйидагилар белгилансин:
Бухоро, Қашқадарё, Наманган ва Хоразм вилояти маҳаллий бюджетларининг қўшимча даромадлари;
жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;
қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.
9. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги:
а) икки ой муддатда:
жаҳондаги илғор тажрибани атрофлича ўрганган ҳолда бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари бўйича ўқув жараёнини сифатли ташкил этиш;
Академиянинг илмий-педагог кадрлари таркибини асосан мамлакатимиздаги олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларида ҳамда Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги тизимида фаолият кўрсатаётган, шу жумладан, хорижий таълим ва илмий муассасаларда малакасини ошириб келган, юқори савияли профессор-ўқитувчилар ва илмий ходимлар, шунингдек, соҳанинг салоҳиятли етук мутахассислари – амалиётчилар орасидан шакллантириш;
республикадаги мавжуд болалар мусиқа ва санъат мактаблари, ихтисослаштирилган санъат ва маданият мактаблари ҳамда мактаб-интернатларда рақс санъатини ўқитиш фаолиятини янада ривожлантириш;
рақс санъатининг ижодий, илмий-услубий ва ижро анъаналарини пухта ўзлаштириш ва муносиб давом эттириш, бунда таълим муассасаларига моҳир рақс усталарини бириктириш ва шу асосда “устоз-шогирд” мактабларини ташкил этиш чораларини кўрсин;
б) 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб Академия ва мактаб-интернатларнинг раҳбарлари ҳамда профессор-ўқитувчилари таркиби фаолиятининг самарадорлигини тасдиқланган мақсадли дастурлар бўйича рейтинг баҳолаш тизимини жорий этсин;
в) Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги билан биргаликда 2021 йил 1 сентябрга қадар:
умумий ўрта таълимнинг давлат таълим стандартлари доирасида ихтисослаштирилган бошланғич рақс санъати мактаб-интернатлар учун мўлжалланган ўқув режаларини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;
ихтисослаштирилган бошланғич рақс санъати мактаб-интернатларнинг самарали фаолият кўрсатиши, уларнинг ҳар томонлама тўлиқ ишлаши ҳамда малакали педагог-кадрлар билан таъминласин;
ихтисослаштирилган бошланғич рақс санъати мактаб-интернатларни дарсликлар, ўқув-методик қўлланмалар ва бадиий адабиётлар билан таъминлаш чораларини кўрсин.
10. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда тасдиқланган лойиҳа-смета ҳужжатлари асосида 2021 йил ва кейинги йилларга мўлжалланган Инвестиция дастурида Республика хореографияга ихтисослаштирилган мактаб-интернат биносини реконструкция қилиш ишлари учун зарур капитал қўйилма маблағларини назарда тутсин.
11. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:
Академияга 50 ўринли автобус харид қилиш учун Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан маблағ ажратилишини;
Академия ва мактаб-интернатларни жорий сақлаш харажатларини молиялаштириш учун зарур маблағларни 2021 йил учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг Маданият вазирлигига тақсимланадиган маблағлар доирасида ажратилишини таъминласин.
12. Республика хореографияга ихтисослаштирилган мактаб-интернат Тошкент шаҳар, Яккасарой тумани, Юсуф Хос Ҳожиб кўчаси, 31-уй манзилидаги бинога текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштирилсин.
13. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим қарорларига 2-иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
14. Ушбу қарор ижросининг назорати қуйидаги тартибда амалга оширилсин:
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов – ушбу қарор ижросини ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли амалга оширилишини таъминласин, белгиланган чора-тадбирлар дастурини амалга ошириш юзасидан масъул вазирлик, идора ва ташкилотлар фаолиятини самарали ташкил қилсин ҳамда мувофиқлаштирсин, ҳар чоракда улар раҳбарларининг бажарилган ишлар тўғрисидаги ҳисоботларини қабул қилсин ҳамда аниқланган камчиликларни бартараф этиш чораларини кўрсин;
Ўзбекистон Республикаси маданият вазири О.А.Назарбеков – ушбу қарор ва чора-тадбирлар дастурини ижро этиш юзасидан барча зарур чоралар кўрилишини таъминласин, белгиланган вазифаларни ўз вақтида ва сифатли амалга оширишда масъул ташкилотларга услубий ва амалий ёрдам кўрсатсин ҳамда унинг ижроси бўйича ҳар чоракда Вазирлар Маҳкамасига ахборот киритиб борсин;
Бухоро, Қашқадарё, Наманган ва Хоразм вилоятлари ҳокимлари (Ў.И.Барноев, З.Т.Мирзаев, Х.Х.Бозаров, Ф.У.Эрманов) – ташкил этилаётган ихтисослаштирилган бошланғич рақс санъати мактаб-интернатларида амалга ошириладиган таъмирлаш ишларини ўз вақтида ва сифатли олиб борилишини, бино-иншоотларни белгиланган муддатларда фойдаланишга топширилишини таъминласин;
масъул вазирлик, идора ва ташкилотлар раҳбарлари – ушбу қарор
ва чора-тадбирлар дастурида назарда тутилган тадбирларни ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли бажариш юзасидан барча чораларни амалга оширсин;
Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директори А.К.Кўчимов, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси раиси в.б. А.Д.Хаджаев – ушбу қарорнинг мазмун-моҳияти ва амалий аҳамиятини ёритсин ҳамда рақс санъатининг халқ орасида оммалашувини назарда тутувчи махсус илмий-оммабоп ва қисқа метражли кўрсатувларни намойиш этсин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри, 2020 йил 4 февраль
Манба: ЎзА