Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг мажлиси тўғрисида АХБОРОТ
2020-02-04 | Сиёсат
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг мажлиси бўлиб ўтди. Уни Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева олиб борди.
Кенгаш аъзолари Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг биринчи мажлисидаги нутқида ҳамда Олий Мажлисга Мурожаатномасида белгиланган устувор вазифаларни амалга ошириш бўйича Ҳаракатлар дастурини ҳамда Сенатининг 2020 йилнинг биринчи ярмига мўлжалланган иш режасини муҳокама қилдилар.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномаси мамлакатимизни ривожлантиришнинг стратегик йўли, демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштиришнинг дастурил амалидир. Мурожаатномада Ўзбекистон учун демократик ислоҳотлар яккаю-ягона ва энг тўғри йўл эканлиги далиллар билан кўрсатиб берилди.
Мамлакат тараққиётининг янги босқичида Сенат зиммасига масъулиятли вазифалар юкланди. Ҳаракатлар дастурида ушбу вазифаларни сўзсиз, ўз вақтида ва сифатли бажариш бўйича асосий йўналишлар белгиланди.
Авваламбор, Сенатнинг қонун ижодкорлиги ва назорат-таҳлил фаолиятини, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети самарали ижросини назорат қилиш тизимини такомиллаштириш назарда тутилган.
Вазирликлар, идоралар ҳамда ҳудудлар раҳбарларининг қонунлар, давлат ва ҳудудий дастурлар ижроси, шунингдек жойлардаги долзарб ижтимоий-иқтисодий масалалар ечими юзасидан ҳисобот ва ахборотларини мунтазам муҳокама қилиб бориш режалаштирилган.
“Жамият – ислоҳотлар ташаббускори” деган янги ғоя мазмун-моҳиятидан келиб чиққан ҳолда Олий Мажлис Сенати ҳудудий вакиллик палатаси сифатида халқ билан мулоқот ва жамоатчилик билан алоқаларни янада мустаҳкамлашга устувор аҳамият қаратади. Бу борада аҳолини қийнаётган муаммоларни ҳал этишнинг самарали тизимини яратиш, ёшларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, хотин-қизларни, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган аёлларни манзилли қўллаб-қувватлаш ва уларнинг бандлигига кўмаклашиш, гендер тенгликни таъминлашга оид вазифалар ижроси устидан парламент назоратини кучайтириш чоралари белгиланган.
Бундан ташқари, маҳаллий Кенгашлар фаолиятини тубдан такомиллаштириш, Сенатнинг улар билан ҳамкорлигини кучайтириш, Кенгашларга амалий ва услубий кўмаклашиш чора-тадбирлари белгиланган. Ҳудудлардаги олий таълим муассаларининг профессор ўқитувчилари билан биргаликда маҳаллий Кенгашлар фаолиятини самарали ташкил этиш, жумладан ҳудудий ижро органлари фаолияти устидан назоратни кучайтириш масалаларига бағишланган ўқишлар ташкиллаштириш бўйича Самарқанд тажрибасини жорий этиш ҳам Сенат иш режасида ўз аксини топган.
Шу билан бирга, Олий Мажлис Сенатида доимий асосда ишловчи сенаторлар Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги маҳаллий Кенгашларга, шунингдек жойлардаги Сенат аъзолари тегишли туман ва шаҳар Кенгашларига масъул этиб бириктирилди.
Шунингдек, коррупцияга қарши курашишда Сенатнинг ролини кучайтириш, масъул давлат органларининг ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашиш борасидаги фаолияти устидан таъсирчан парламент назоратини таъминлаш масаласига жиддий эътибор берилади.
Мамлакатимизнинг хорижий давлатлар билан муносабатларини ривожлантириш, халқаро алоқаларини мустаҳкамлаш ва хорижий инвестицияларни жалб этишда Сенатнинг ролини янада кучайтириш ҳамда парламентлараро муносабатларни ривожлантириш парламент юқори палатасининг устувор йўналишларидан бири этиб белгиланди.
Сўзга чиққан Сенатнинг қўмита раислари муҳокама этилган масалалар юзасидан ўз таклиф ва фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Кенгаш Сенатнинг Маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи комиссиясини тузиш тўғрисида қарор қабул қилди.
Мажлисда Сенат Кенгашининг ваколатларига кирадиган бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати