Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида Cotton Campaign коалицияси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди
2020-02-04 | Иқтисодиёт
Жорий йилнинг 3 февраль куни Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида Cotton Campaign халқаро коалицияси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.
Халқаро коалиция делегацияси таркибига "Масъулиятли харидлар тармоғи" нодавлат инсон ҳуқуқлари ташкилотлари, Human Rights Watch,, "Бирдамлик маркази", "Ўзбек-Герман форуми" ва "Марказий Осиёда меҳнат ҳуқуқлари бўйича мониторинг миссияси" вакиллари кирди.
Томонлар Ўзбекистон ҳукумати томонидан тизимли мажбурий меҳнатга барҳам бериш борасида эришилган ютуқларни ҳамда халқаро ноҳукумат ва инсон ҳуқуқлари ташкилотлари билан бу борадаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш йўлларини атрофлича муҳокама қилдилар. Одамлар савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш бўйича "Йўл харитаси" ни амалга ошириш, фуқароларни ушбу соҳада ҳуқуқий ҳимоя қилиш тизимини оптималлаштириш масалалари алоҳида кўриб чиқилди. Коалиция ва вазирликнинг умумий позицияси меҳнат ҳуқуқбузарликларини олдини олишнинг барқарор ва самарали механизмларини шакллантириш бўйича саъй-ҳаракатларни бирлаштириш заруриятидан иборатдир.
2019 йил октябрь ойида бўлиб ўтган охирги йиғилишдан буён эришилган келишувларни тўлиқ бажарилишини таъминлаш мақсадида вазир бошчилигида Бош прокуратура, Меҳнат вазирлиги, Адлия вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, "Ўзтўқимачиликсаноат" уюшмаси ва бошқа идоралар раҳбарлари иштирокида Идоралараро ишчи гуруҳи тузилиб, фаол иш олиб борилаётганлиги - идоралараро ҳамкорликни амалга ошириш механизмлари ва амалий қадамларини аниқлаш бўйича 2019 йил декабрь ойида биринчи йиғилиш ўтказилганлиги таъкидлаб ўтилди.
Шулар билан бир қаторда, пахта теришда механизациялаш даражасини ошириш орқали қўл меҳнатига бўлган эҳтиёжни бартараф этиш бўйича давлат томонидан ишлаб чиқилган ва 2020-2022 йилларда Жиззах, Қашқадарё, Сирдарё ва Тошкент вилоятларида ишга тушиши кўзда тутувчи амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг муҳимлиги муҳокама қилинди.
Учрашув якунида вазирлик ва коалиция ўртасида келгусида ушбу турдаги қонунбузарликларнинг айрим ҳолатларини камайтириш ва олдини олиш ҳамда кенг жамоатчилик, шунингдек, халқаро ва нодавлат ташкилотлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича яқин ҳамкорлик тўғрисида келишувга эришилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги