Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
«Xinjiang Hualing Industry & Trade (Group) co., ltd» компаниясининг раҳбарияти билан учрашув бўлиб ўтди
2020-02-04 | Иқтисодиёт
Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида Хитойнинг «Xinjiang Hualing Industry & Trade (Group) co., ltd» компанияси раҳбарияти М.Энхуа билан учрашув бўлиб ўтди.
Хитой томонига Ўзбекистон Республикасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, инвестиция муҳитининг афзалликлари ва Ўзбекистон билан Хитой ўртасидаги икки томонлама муносабатларнинг динамикаси тўғрисида батафсил маълумот берилди.
Потенциал сармоядорлар тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб қилиш орқали таълим, кончилик, тижорат уйларини қуриш, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ва IT-секторидаги қатор лойиҳаларни амалга оширишга қизиқиш билдирдилар. «Нурафшон-сити»да тижорат объектларини қуриш имконияти алоҳида муҳокама қилинди - компания раҳбарияти хусусий мактаб, турар-жой комплекслари, меҳмонхона ва кўргазма мажмуасини яратиш истиқболларини кўриб чиқмоқда. Шунингдек, минтақаларда лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари кўриб чиқилди - хусусан, Тошкент вилоятида чорвачилик комплексини ташкил этиш ҳамда Навоий ва Самарқанд вилоятларида мармар ва гранит ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича таклифлар муҳокама қилинди.
Маълумот: Xinjiang Hualing Industry & Trade (Group) Co., Ltd. 1988 йилда ташкил этилган бўлиб, инвестиция, консалтинг, кўчмас мулк, ташқи савдо, чорвачилик, логистика, молия, таълим ва бошқа соҳаларда фаолият юритувчи 20 дан ортиқ корхоналарни бирлаштиради.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги