Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Қишлоқ хўжалиги вазири ёшлар билан учрашди
2020-02-03 | Жамият
Вазир Жамшид Ходжаев видеоконференция шаклидаги анжуманда аграр тизимдаги олий ўқув юрти ва унинг филиаллари, Япония, Германия ва Россиянинг соҳадаги олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган 800 нафарга яқин талаба ёшлари билан мулоқот ўтказди.
Тадбирда вазир Ж.Ходжаев ёш ҳамкасблари билан учрашиб турганидан мамнун эканини билдирди.
Учрашув давомида соҳада кечаётган жараёнлар таҳлили ҳамда истиқболдаги устувор вазифаларни амалга оширишда тизимдаги ёшларнинг ўрни ва роли тўғрисидаги масалалар муҳокама қилинди.
Таъкидланишича:
Вазирликнинг марказий аппарати ва ҳудудий органларидаги бошқарув аппаратларида фаолият юритаётган 30 ёшгача бўлган ходимлар салмоғи 23,8 фоизга етган.
Қувонарлиси шундаки, ёш истиқболли ходимларнинг республика “Тараққиёт” танловида иштирок этган соҳа вакиллари Азамат Ҳамроев, Алижон Аҳадов ва Ойбек Соатовлар фахрли ўринларни эгаллаб, масъул лавозимларга тайинланди.
Қайд этиш керак, тизимдаги илмий ва илмий-педагог ходимлар таркибида ёш олимлар салмоғи ошиб бормоқда. 2017 йилда 32 нафар, 2018 йилда 58 нафар, 2019 йилда 61 нафар ёш тадқиқотчи фалсафа доктори – PHD ва фан доктори – DSK илмий даражаларига эга бўлдилар.
14 нафар ёш олим халқаро анжуманлардаги мунозараларда ўз илмий-тадқиқот натижалари билан муваффақиятли иштирок этдилар. Пахтачилик соҳасида Мирзаолим Авлиёқулов 26 ёшида, селекция соҳасида Аброр Қурбонов 32, ўсимликларни ҳимоя қилиш соҳасида Расул Жумаев 29, Сардор Авазов 28 ёшида фан доктори (DSK) илмий даражасига эга бўлганини алоҳида таъкидлаш, бу ютуқлар ҳар бир истиқболли ёш тадқиқотчи учун ҳақиқий ибрат намунаси бўлишини алоҳида таъкидлаш лозим.
Талаба ёшлар орасида ҳам муваффақиятга эришаётганлар сони йилдан йилга ортиб бормоқда. Охирги 3 йил давомида 24 нафар, 2019/2020 ўқув йилида 9 нафар талаба давлат стипендиялари соҳиблари,
12 нафар талаба халқаро ва миллий фан олимпиадалари, 1 нафар талаба давлат мукофоти совриндорлари бўлишди.
“Янги Ўзбекистон – янги кадрлар” шиори остида истиқболли ёш кадрларни танлаш ва тайинлаш, бошқарув кадрларини янгилаш ва ёшартириш борасида тизимли тадбирлар амалга оширилмоқда. Шу маънода айтганда, юқорида қайд қилиб ўтилган ижобий натижалардан ҳаволанмасдан воқеликни холисона таҳлил қилиш ва баҳолаш, шиддат билан ўзгараётган замон, юзага келаётган долзарб муаммолар ҳамда талаблар асосида тизим фаолиятининг асосий йўналишларини амалга ошириш механизмларини аниқ белгилаш, бошқарув фаолияти услубларини янгича мазмун ва шаклда қайта қуриш, мухтасар қилиб айтганда, қишлоқ хўжалигини тубдан ислоҳ қилишдек мураккаб вазифалар олдимизда турибди.
Шундан сўнг, Вазирнинг таклифи билан учрашув мулоқот шаклида давом эттирилди. Хорижий мамлакатлардаги олий ўқув юртларида таҳсил олаётган талабалар сўзга чиқиб, Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантириш борасида бир қатор таклифлар, фикр-мулоҳазаларни билдирдилар. Барча фикр-мулоҳазалар умумлаштирилиб, уларни амалга ошириш юзасидан тадбирлар режаси ишлаб чиқилиши, бу каби анжуманлар даврий равишда ўтказиб борилиши маълум қилинди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги