Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Транспорт ва йўл қурилиши соҳасида Жаҳон банки билан ҳамкорлик бўйича инвестиция ишлари фаоллаштирилди
2020-01-31 | Иқтисодиёт
30 январь куни Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлигида Жаҳон банки томонидан жалб қилинган «Pricewaterhouse Coopers» ва «Ove Arup & Partners» (Буюк Британия) компаниялари томонидан тайёрланган “Тошкент – Андижон автомобиль йўлини давлат-хусусий шериклик асосида қуриш” лойиҳаси концепциясининг муҳокамаси бўлиб ўтди.
Муҳокамаларда Транспорт вазирлиги раҳбарияти ва мутахассислари, Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги, Молия вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси транспорт вазирлиги ҳузуридага автомобиль йўллари қўмитаси, автомобиль йўлларини лойиҳалаш ташкилотлари шунингдек, Жаҳон банки гуруҳи, «Pricewaterhouse Coopers», «Ove Arup & Partners» компанияси ва Халқаро молия корпорацияси вакиллари иштирок этишди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 9 декабрда қабул қилинган “Йўл соҳасини бошқариш тизимини янада такомиллаштиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида” ги ПҚ-4545-сон қарори билан давлат хусусий шерикчилик шартлари асосида автомобиль йўлларини ташкил этиш лойиҳаларини амалга ошириш бўйича «йўл харитаси» тасдиқланган. Ушбу “йўл харитаси” га биноан Транспорт вазирлиги тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда давлат хусусий шериклик асосида “Тошкент-Андижон автомобиль йўлини қуриш” лойиҳасини амалга ошириши кутилмоқда.
Лойиҳа концепциясининг бугунги муҳокамаси натижаларига кўра томонлар “Қамчиқ довонида янги тоннел қурилиши” лойиҳасини иқтисодий ва молиявий жиҳатдан қоплаш нуқтаи назаридан тезлаштиришга келишиб олдилар.
Бугунги кунда мамлакатимизда Жаҳон Банки иштирокида умумий қиймати 1 703 млн.доллар бўлган лойиҳалар амалга оширилмоқда, жумладан Жаҳон банкининг 360 миллион долларлик кредитини жалб қилиш орқали. Бу эса ўз навбатида халқаро молия институтлари иштирокида транспорт соҳасидаги инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга оид муносабатларнинг ижобий динамикасини намойиш этади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси транспорт вазирлиги