Теннис бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзолари Денис Истомин, Ҳумоюн Султонов ва Оқгул Омонмуродова АҚШ ва Таиландда ўтказилаётган мусобақада муносиб иштирок этмоқда.
АҚШнинг Ньюпорт шаҳрида теннис бўйича “Челленжер“ туркумига кирувчи турнирда мамлакатимизнинг биринчи рақамли теннисчиси Д.Истомин ўз иштирокини тўғридан-тўғри иккинчи даврадан бошлади. Унда теннисчимиз америкалик Секу Бангурани 7:6, 6:4 ҳисобида мағлуб этди ва учинчи босқичда мезбонлар вакили Фрэнсис Тиафога қарши кортга чиқадиган бўлди.
Таиланднинг Нонтабури шаҳрида теннис бўйича “Фьючерс“ туркумига кирувчи мусобақанинг аёллар ўртасидаги яккалик баҳсларида О.Омонмуродова чорак финал йўлланмасини қўлга киритди.
Оқгул турнирнинг илк даврасида япониялик Эрика Сэмани 6:3, 6:1, иккинчи даврада хитойлик Ю Сяодини 7:6, 6:1 ҳисобида енгди. Энди у ярим финал йўлланмаси учун ўтадиган ўйинда франциялик Хлоя Пакега қарши кортга чиқади.
Мазкур мусобақанинг эркаклар ўртасидаги баҳслашувларда Ҳ.Султонов иккинчи ғалабасини нишонлади. Теннисчимиз мусобақанинг 1/8 финал босқичида украиналик Владислав Орловни ҳар иккала сетда бир хил тай-брекда таслим қилди. Шу тариқа Ҳумоюн ярим финал йўлланмаси учун ўтадиган ўйинда Хитой Тайпейи вакили Чун Хсин Тсенг билан рақобатлашди.
Жавоҳир ТОШХЎЖАЕВ, ЎзА
Манба: ЎзА