Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Устувор вазифалар белгилаб олинди
2020-01-27 | Жамият
Жорий йил 27 январь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Раёсатининг биринчи мажлиси 20-24 январь кунлари бўлиб ўтган республика ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги муҳим воқеаларга бағишланди.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномаси ва Парламент палаталарининг мажлисларида ҳамда 2020 йил мамлакатимизда Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили, деб эълон қилингани муносабати билан янги шакллантирилган Ҳукумат олдига қўйилган устувор вазифалар атрофлича муҳокама этилди.
Йиғилиш иштирокчиларига Давлатимиз раҳбарининг Парламентга йўллаган Мурожаатномасидаги топшириқларни амалга ошириш бўйича комплекс чора-тадбирларни (“йўл хариталари”ни) тайёрлаш юзасидан топшириқлар берилди.
Мажлисда Қонунчилик палатаси, сиёсий партиялар фракциялари ва Сенат билан ўзаро яқин ҳамкорликни таъминлаш, қонун лойиҳаларининг сифатига, депутатлар ҳамда Сенат аъзоларининг сўровига пухта жавоб тайёрлаб ўз вақтида юбориш зарурлиги алоҳида таъкидланди.
Йиғилишда Давлатимиз раҳбарининг Ҳукумат фаолиятига доир тегишли қарори талабларини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар белгилаб олинди.
“Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига ўзгартиш ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси ҳам атрофлича муҳокама қилинди. Ҳужжат юзасидан билдирилган таклифлар асосида лойиҳани пухта қайта ишлаш ҳамда Қонунчилик палатасига киритиш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Раёсат мажлисида жорий йилда республикани ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг бир қатор бошқа масалалари ҳам кўриб чиқилди.