Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон ТИВ раҳбари “Яшил Марказий Осиё” юқори даражадаги конференциясида иштирок этди
2020-01-30 | Экология
2020 йилнинг 28 январь куни Берлин шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Германиянинг “Яшил Марказий Осиё” ташаббусига бағишланган конференцияда иштирок этди.
Германия ўзининг янги ташаббусини Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича Стратегиясига қўшган ҳиссаси ва Европа ва минтақамиз ўртасидаги муштаракликни мустаҳкамлаш ниятларини тасдиқлаш сифатида кўради. Ушбу ташаббус доирасида Марказий Осиё мамлакатлари ва Афғонистонда иқлим ўзгариши салбий таъсирини юмшатишга қаратилган қўшма лойиҳалар ва тадбирларни амалга ошириш режалаштирилган.
Форумда Германия, Европа Иттифоқи, Марказий Осиё давлатлари ва Афғонистон ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари, таниқли иқлимшунос муттахассислар, шунингдек илмий ва жамоат доиралари, бизнес ва ОАВ вакиллари иштирок этди.
Конференцияни очар экан, Германия Федерал ташқи ишлар вазири Ҳайко Маас Марказий Осиё мамлакатларининг иқлим ўзгаришига таъсирчанлиги минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш зарурлигининг жиддий омилига айланаётганлигини қайд этди. “Биз Марказий Осиёдаги интеграция жараёнларини қўллаб-қувватлаймиз ва унинг айнан ягона минтақа сифатида ўз манфаатларини кучлироқ ифода эта олишидан манфаатдормиз", - дея таъкидлади Германия ТИВ раҳбари.
Ўзбекистон делегацияси раҳбари ўз нутқида Марказий Осиё мамлакатлари учун глобал иқлим ўзгариши билан боғлиқ мавжуд ва эҳтимолий таҳдидлар, шунингдек, чекланган сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, энергия тежайдиган ва экологик технологияларни жорий этиш бўйича мамлакатимизда кўрилаётган чоралар ҳақида сўзлаб берди.
Орол денгизининг экологик фалокатининг салбий оқибатларини юмшатиш масаласи, хусусан, Ўзбекистоннинг Оролбўйини экологик инновациялар ва технологиялар зонасига айлантириш ташаббуси доирасидаги халқаро ҳамкорликнинг аҳамияти алоҳида қайд этилди.
Конференция якунларига кўра Қўшма баёнот қабул қилинди, унда Германиянинг “Яшил Марказий Осиё” ташаббусини амалга ошириш доирасидаги ўзаро ҳамкорликнинг асосий тамойиллари акс эттирилган.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги