Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
МДҲ Ижроия қўмитаси Раисининг биринчи ўринбосари билан учрашув тўғрисида
2020-01-29 | МДҲ
2020 йилнинг 28 январь куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Неъматов Минск шаҳрида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Ижроия қўмитаси Раисининг биринчи ўринбосари Виктор Гуминский билан учрашди.
МДҲ Ижроқўми департаментларининг директорлари иштирок этган учрашувда Ҳамдўстликда Ўзбекистон раислиги Консепциясини амалга ошириш бўйича Тадбирлар режасини сифатли ва ўз вақтида бажариш учун зарур аниқ қадамлар муҳокама қилинди.
МДҲ Ижроқўми Раисининг биринчи ўринбосари Ўзбекистоннинг МДҲ доирасидаги фаолияти сезиларли даражада жадаллашганига юқори баҳо берди ва Доимий вакиллар кенгашида раислик қилувчи томоннинг бу қадар юқори даражадаги делегацияси иштироки ташкилот тарихида илк бор кузатилаётганини қайд этди. Бу Ҳамдўстликни янада ривожлантиришга Ўзбекистон раҳбариятининг алоҳида эътибор қаратаётганидан далолат беради.
Виктор Гуминский Ўзбекистон раислиги Консепциясининг чуқур ўйланганлиги ва уни амалга ошириш бўйича Тадбирлар режасининг хилма-хиллигини таъкидлади. Қайд этилганидек, МДҲдаги ҳеч бир мамлакат ўз раислиги давомида бу қадар кўп тадбир ўтказмаган.
Учрашувда Ўзбекистоннинг Ҳамдўстликда 2020 йилдаги раислиги режасининг барча бандлари ижросини мувофиқлаштириш бўйича қўшма ҳаракатлар дастури ишлаб чиқилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги