Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Олий Мажлис Сенати Раиси ўқув семинарларида иштирок этди
2020-01-28 | Сиёсат
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари ўринбосарлари, шунингдек туманлар ва шаҳарлар ҳокимлари иштирокида малака ошириш бўйича ўқув семинарлари иш бошлади.
Уларнинг очилиши маросимида Президент маслаҳатчиси Ш.Кудбиев, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Т.Нарбаева, Қонунчилик палатаси Спикери Н.Исмаилов ва Давлат бошқаруви академияси проректори Х.Азизов иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Нарбаева Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 24 январдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасининг мазмун-моҳиятига, Олий Мажлис Сенатининг демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва мамлакатни модернизациялашдаги ролини янада оширишга, шунингдек маҳаллий давлат ҳокимияти органлари тизимини ислоҳ қилишга бағишланган маъуразалар билан сўзга чиқди.
10 кунлик машғулотлар давомида 320 нафар тингловчи Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси асосида ўз билим ва кўникмалари даражасини оширади. Турли соҳалардаги вазирлик, идора ва ташкилотлар раҳбарлари орасидан етук мутахассисларнинг, жами 90 дан зиёд маърузачининг 40 та мавзу ва 100 дан ортиқ йўналиш бўйича маъруза ва нутқлари назарда тутилмоқда.
Ўқиш вақтида иштирокчилар илғор хорижий мамлакатлар тажрибаси асосида мамлакатимизнинг ҳудудлар кесимидаги асосий ижтимоий-иқтисодий кўрсаткичлари ва мавжуд муаммолар, шунингдек уларни амалда ҳал этиш тўғрисидаги маълумотлар, пойтахтда ва вилоятларда олиб борилаётган ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш жараёнлари билан яқиндан танишади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати