Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Вазирнинг биринчи ўринбосари Тошкент шаҳри мактабларида таълим сифатини ошириш бўйича топшириқлар берди
2020-01-27 | Таълим
Ал-Хоразмий номидаги ахборот технологиялари соҳасидаги фанларга ихтисослаштирилган мактабида Халқ таълими вазирининг биринчи ўринбосари Алишер Умаров раислигида амалий-кўргазмали йиғилиш ўтказилди. Йиғилишда Тошкент шаҳар халқ таълими бошқармаси, туман халқ таълими бўлими ходимлари, қўшимча маблағлар ҳисобидан қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилаётган 47 та умумтаълим мактаб раҳбарлари, ўқув-тарбиявий ва маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосарлари иштирок этди.
Дастлаб семинар иштирокчилари Президентимиз ташаббуси билан замонавий меъёрлар асосида барпо этилган Ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактаб фаолияти, у ерда ўқувчилар учун яратилган шароитлар билан танишди.
Ихтисослаштирилган мактаб фаолияти билан танишиш ҳамда мазкур мактаб раҳбари томонидан қилинган тақдимот давомида кўплаб ижобий тажрибалар ўрганилди.
Сўнгра Халқ таълими вазирининг биринчи ўринбосари А.Умаров қўшимча ажратилган маблағлар ҳисобидан таъмирланаётган мактабларда таълим сифатини ошириш бўйича “Тошкент тажрибаси”ни жорий этишда мактаб директорларининг шахсий жавобгарлигини ошириш, таълим мазмунини яхшилаш, ўқув-жараёнларини сифатли ташкил этиш ва умумтаълим мактаблари битирувчиларининг олий таълим муассасаларига кириш натижадорлигини ошириш бўйича тақдимот қилди. Шунингдек, Тошкент шаҳридаги туман халқ таълими бўлими мудирлари, умумтаълим мактаб раҳбарларининг “Замонавий мактаб” лойиҳаси, мактабга ўқувчилар қамровини ошириш ҳамда бюджетдан ташқари маблағ топиш каби йўналишлар бўйича тақдимотлари тингланди.
Йиғилиш якунида туман халқ таълими бўлими мудирлари, умумтаълим мактаблари раҳбарлари томонидан қилинган тақдимотларни тезкорлик билан амалиётга жорий этиш юзасидан топшириқлар берилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги