Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Аёл зотига эҳтиромдан улкан куч олмоқдамиз...
2020-01-25 | Жамият
Албатта, тарихий жараёнларга гувоҳ бўлиш ҳамиша ҳаяжонли кечади, лекин унда улкан масъулиятли вазифаларни олиш ундан-да ҳаяжонли. Мурожаатнома жараёнида давлат раҳбарининг шижоатидан, аёл зотига эҳтиромидан куч олдик, десам муболаға бўлмайди.
Таҳлилимча, Президентимиз парламентга мурожаатида “Жамият – ислоҳотлар ташаббускори” деган янги ғоянинг кундалик фаолиятимизга тобора чуқур кириб бораётганини эътироф этдилар. Бу халқимиз маълум маънода ўз келажагини яратишда ўзи ташаббускор бўлади, деганидир.
Мен узоқ йиллардан буён ислоҳотларни ижрочиси ва кузатувчиси сифатида айта оламанки, биз аллақачон илм-маърифатга кучли эътибор қаратиш даражасига келиб қолгандик. Президентимиз айтганларидек, илм-маърифатсиз кучайган иқтисодиёт эмас, бизга илм-маърифат билан уйғун ривожланган иқтисодиёт керак. Шу боис ҳам 2020 йилимизни “Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” деб эълон қилингани халқимизни ҳам қувонтиргани табиий.
Яна бир қувонарли ҳолат, мурожаатда грант асосида олий таълим олишда қизлар учун эса алоҳида қўшимча имтиёзлар яратилиши, Хотин-қизлар қўмитаси бу борада номзодлар тайёрлаш тизимини яратиши лозимлиги ҳақида айтилди. Тўғриси, олий таълим олишда йигитларимиз учун берилган имкониятларга ҳавасимиз келар эди. Қизларимиз учун Зулфия мукофотидан бошқа олий таълимга имтиёз берувчи айнан восита йўқ.
Тўғри, ўтган йилги статистик маълумотларга кўра, олий таълим соҳасида ҳам хотин-қизлар сони ошган ва талабаларнинг 40 фоиз хотин-қизлар бўлган, бу 2011 йилдаги кўрсаткичдан 36 фоизга кўп демакдир. Хотин-қизларнинг саводхонлик даражаси эса 99,98 фоизни, яъни дунёдаги энг юқори кўрсаткичлардан бирини ташкил этади.
Шунга қарамай, маълумотларга кўра айни вақтда ўрта таълим олган хотин-қизларнинг фақат 35 фоизи ишлайди, олий маълумотли хотин-қизларнинг эса 68 фоизи иш билан таъминланган. Шу боис бу ташаббус аёллар орасида иш билан таъминланганлик даражасини оширишда муҳим омил бўлиши шубҳасиз.
Қизлар таълимини қўллаб-қувватлаш орқали биз хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий жараёнларда фаол иштирок этишига монелик қиладиган сабаблардан бири “аёл уйида ўтирсин, хотин киши рўзғорига қарасин” қабилидаги ақидаларни парчалашга хизмат қилади, деб ўйлайман.
Токи, бу кучли ташаббус “Бир ўғилни яхши тарбияласангиз, бир инсонни, бир қизни яхши тарбияласангиз, бир миллатни яхши тарбиялаган бўласиз”, деган ҳаётий ҳақиқатнинг яққол намойиши бўлди.
Мурожаатномада тўхтаб ўтилган яна бир йўналиш – бу оғир шароитли аёлларга ёрдам кўрсатиш, хотин-қизлар бандлигини таъминлашдир.
Президентимиз нутқларида, бу йил хотин-қизлар ва ёшларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлар янги поғонага кўтарилишини эътироф этдилар.
2020 йилда 5,5 минг хотин-қизнинг кичик бизнес лойиҳаларига 100 миллиард сўм миқдорида имтиёзли кредит берилади, бунинг учун банкларга давлат бюджетидан ресурс ажратилади. Бундан ташқари, 1 минг 576 хотин-қизга янги уй-жойга эга бўлиши учун бюджет ҳисобидан бошланғич бадал тўлаб берилади. Ижтимоий ҳимояга муҳтож опа-сингилларимизни Хотин-қизлар тадбиркорлик марказларида 5 та муҳим ташаббус доирасида қисқа ўқув курсларида ўқитиш ташкил этилади.
Ушбу имкониятлар Сирдарё мисолида оғир турмуш шароитида яшаётган хотин-қизлар ҳолатини таҳлил қилиш бўйича бошланди. Айниқса, қишлоқ аёллари аҳволини мунтазам мониторинг қилиб бориш, уларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш механизмларини такомиллаштириш чоралари кўриб борилмоқда.
Яна бир фикр, билиб-билмай ёки кўп ҳам эътибор бермай ўтадиган ҳолатларимиз бор. Масалан, аёллар оилавий иттифоқда шерик, рўзғорда кўпинча ҳақ тўланмайдиган бекадир. Болалар парвариши, ўзаро муносабатларни соғлом ушлаб туриш, болаларнинг соғлиғи, маълумоти даражаси, моддий фаровонлигини аёлларнинг меҳнати белгилайди. Шу маънода аёлга нисбатан жамиятдаги юксак эҳтиром руҳини оилаларга ҳам кўчирмоғимиз керак.
Хотин-қизлар қўмитаси муҳтарам Президентимиз мурожаатномасидан келиб чиққан ҳолда, аёллар бандлигини таъминлаш, аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш, уларнинг сиёсий ва ижтимоий ҳаётдаги иштирокини янада фаоллаштириш, айниқса ёрдамга муҳтож аёлларни қўллаб-қувватловчи нодавлат нотижорат ташкилотларига ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларига грантлар ажратиш, аёллар масалалари юзасидан парламент эшитувларини ташкил этишга доир таклифларни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига ва Сенатига киритиш каби йўналишларда фаолиятини янада кучайтиради.
Манба: ЎзА