Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
«Газпромбанк» АЖ, «Росэксимбанк» АЖ, ЭКСАР ва Ўзбекистон Тикланиш ва Тараққиёт Жамғармаси вакиллари GTL қурилиш майдонига ташриф буюрдилар
2020-01-24 | Иқтисодиёт
2020 йил 22 январ куни Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси вакиллари ва лойиҳанинг Россиялик кредиторлари делегацияси Ўзбекистондаги GTL заводининг қурилиш майдонига ташриф буюрди. Ушбу делегация лойиҳанинг асосий ҳамкорларидан бўлган «Газпромбанк» АЖ, «Росэксимбанк» АЖ, Экспорт кредитлари ва инвестицияларни суғурталаш бўйича Россия Агентлиги («ЭКСАР» АЖ), шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва Тараққиёт Жамғармаси вакилларидан иборат бўлди.
Ташриф давомида «Uzbekistan GTL» компаниясининг вакиллари томонидан лойиҳани амалга оширишнинг ҳозирги ҳолати, амалга оширилаётган қурилиш-монтаж ишларининг бориши ҳақида тақдимот ўтказилди, шунингдек, «Шўртан газ-кимё мажумасининг тозаланган метан негизида синтетик суюқ ёқилғи ишлаб чиқариш» инвестиция лойиҳаси доирасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, делегация лойиҳа бошқаруви бўйича маслаҳатчи – «TechnipFMC» компания вакиллари билан учрашди.
Маълумот учун. Айни пайтда лойиҳани амалга оширишга қарийб 9 минг киши жалб этилиб, улардан 7,5 мингдан зиёд киши қурилиш-монтаж ишларига жалб қилинган. Қурилиш майдонида 905 та қурилиш ва махсус техника сафарбар этилди. Ишлар фаол суръатларда давом этмоқда.
Жами қурилиш майдонига 1045 дан 901 дона (ёки умумий миқдорнинг 86%) тўплам етказиб берилди, улардан 600 га яқин тўплам технологик ҳудудда ўрнатилган (жами оғирлиги 31 минг тоннадан ортиқ).
«Газпромбанк» АЖ, «Росэксимбанк» АЖ, ЭКСАР, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва Тараққиёт Жамғармаси «Шўртан газ-кимё мажмуасининг тозаланган метани негизида синтетик суюқ ёқилғи ишлаб чиқариш» инвестиция лойиҳасини (UzGTL/Oltin Yo’L GTL лойиҳаси) молиялаштиришда иштирок этмоқдалар.
Россия делегациясининг ташрифи дастурида «Ўзбекнефтгаз» АЖ вакиллари билан учрашув бўлиб ўтиши режалаштирилган, унда томонлар компаниялар ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги